Марказий иситиш тизими инсон териси учун зарарли бўлиши мумкин

Марказий иситиш тизимидан узлуксиз фойдалан инсон теришига салбий таъсир қилиши мумкин. “The Guardian” дерматолог-консультант Эмма Крайторннинг бу ҳақдаги фикрларини эълон қилди.
Мутахассиснинг қайд этишича, инсон териси сувни ушлаб туриш учун ҳимоя қатламига эга, бироқ бу қатлам мутлақо сув ўтказмайдиган эмас. Сув тери юзаси орқали доимий ҳаракатланади ва бу жараён ҳаво намлигига боғлиқ. Тери учун энг қулай шароит тахминан 40 фоиз нисбий намлик ҳисобланади. Ҳаво бундан қуруқ бўлса, сув тери орқали тезроқ чиқиб кетади, бу эса ҳимоя қатламини енгил яллиғлантириши мумкин.
Сувнинг буғланиши натижасида тери қуригандай туюлади, қон томирлари бироз кенгаяди ва тери қизариши мумкин. Яллиғланишни қўзғатувчи цитокинлар деб аталадиган оқсиллар фаоллашиб, асаб учларини қитиқлайди, шунинг учун одам, эҳтимол қичишишни ҳис қилади. Марказий иситиш тизими хона ҳавосини иссиқ, аммо қуруқ қилади, ҳаво алмашинуви бўлмаса, бу жараён яна ҳам кучаяди. Шу маънода иситиш терига таъсир кўрсатиши мумкин, лекин у қишдаги муаммонинг ягона сабаби эмас.
Қиш фаслида ташқаридаги совуқ ва шамолли ҳаво ҳам терини қуритади, чунки совуқ ҳаво намликни камроқ сақлайди, шамол эса сув ва табиий ёғларни тезроқ буғлатади. Шунинг учун ҳам иссиқ хона, ҳам совуқ ташқи муҳит терига таъсир кўрсатиши мумкин. Айрим одамлар, хусусан, экзема ёки розацеа каби тери касалликларига мойиллар бундай ўзгаришларга кўпроқ сезгир бўлади.
Мутахассислар тери қуриётган бўлса, марказий иситишни бироз пасайтириш ва хонага намлагич қўйишни тавсия этади. Терини мулойим парвариш қилиш муҳим: қўпол совунлардан қочиш, хушбўй моддалари кам бўлган кремлардан фойдаланиш керак. Намликни сақлайдиган кремлар ҳамда тери ҳимоя қатламини қўллаб-қувватловчи церамид ва глицерин каби моддалар сувнинг чиқиб кетишини секинлаштиради.