“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: реал шароитга мос, ўлчаш ва баҳолаш имкони бор кўрсаткичлар ҳужжатга киритилди

2026 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Мазкур фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди ва унда 100 та мақсад ҳамда уларга эришиш бўйича 437 та самарадорлик кўрсаткичи белгиланди, аввалгисида 444 та эди. Шундан 102 та кўрсаткич ўзгаришсиз қолдирилиб, 95 таси янги таҳрирда берилди ва 240 та янги кўрсаткич киритилди.
Шу ўринда савол туғилиши мумкин: “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг энг муҳим жиҳатлари нимада? Қайд этиш жоизки, стратегик режалар аввало давлатимиз раҳбари таъкидлаган янги вазифа ва юқори марралардан келиб чиқиб белгиланди. Бунинг муҳим жиҳати, реал шароитга мос, ўлчаш ва баҳолаш имкони бор кўрсаткичлар эътиборга олиниб, ҳужжатга киритилди.
Унда қайд этилган кўрсаткичлар эса 2030 йилгача йилма-йил амалга оширилади. Стратегияда ҳар бир вазирлик ва идора ўз ўрнини топди, жумладан, 60 га яқин давлат органларига тегишли вазифалар қўйилиб, ҳар бир самарадорлик кўрсаткичининг молиявий манбаси аниқ кўрсатилди.

Абдулла АБДУҚОДИРОВ, Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори биринчи ўринбосари:
– 2017 йилдан буён давлат бошқарувига маълум бир тизимни киритишга ҳаракат қиляпмиз ва унинг асосий йўналишларидан бири, бу стратегик бошқарув, – дея фикрини бошлади Абдулла Абдуқодиров. – Бу нимаси билан муҳим? Буни аввало қадриятлар масаласи билан боғлаган бўлар эдим. Ҳар бир жамият аввало ўз қадриятини аниқлаши керак ва унга эришиш йўлидаги ҳаракатларни ўз ҳукуматидан кутиши керак. Демак, бу орқали жамият билан давлат ўртасида мулоқот шаклланади. Нега мулоқот, дейдиган бўлсак, давлат жамиятдан қандай талаблар илгари суриляпти, қандай эҳтиёжлар пайдо бўляпти, шуни кузатиб бориши ҳамда билиши керак.
Мулоқотнинг натижаси эса муроса бўлади. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига эса айнан жамият билан давлат ўртасидаги келишув, шартнома, деб қарашимиз лозим. Бу – жамият эҳтиёжларини ўзида жамлаган, давлат томонидан қабул қилинган ва беш йиллик истиқболга қаратилган дастурдир. Бунда аниқлик мавжуд, яъни йиллар кесимида йўналишлар билан боғлиқ эришилиши лозим бўлган мақсадлар бор. Бу кўрсаткичларга эришиш масалаларини жамият кузатиб бориши лозим.
Дарҳақиқат, фармонда Стратегия бажарилишини назорат қилиш чоралари ҳам аниқ белгиланган. Жумладан, унга кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришиш барча даражадаги вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларининг энг устувор вазифаси ҳисобланади, бу бўйича уларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юкланади.
Соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича стратегик режалаштириш ҳужжатлари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришишга қаратилган ҳолда ишлаб чиқилади.
Ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантиришда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичлари инобатга олинади.
Фармонга асосан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссияси тузилди. Бу комиссия Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда “Юксалиш” ҳаракати билан биргаликда Стратегия мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришилиши устидан мониторинг юритади.
Мониторинг натижалари асосида ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Республика комиссиясига ахборот киритиб борилади. Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот тақдим қилади. Стратегиядаги вазифаларни вақтида ва сифатли бажарган ташкилотларнинг раҳбар ва ходимлари рағбатлантириб борилади.
Умуман айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизнинг ўрта муддатга мўлжалланган тараққиёт йўлини белгилаб берди. У халқимизни умумий мақсад атрофида жипслаштириб, ҳар бир инсон ҳаётида намоён бўлади. Бу эса аҳоли фаровонлигини таъминлашда навбатдаги муҳим ҳужжат вазифасии бажаради.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ
ёзиб олди.