Фарзандлар тарбиясига бефарқ қараб бўлмайди!

26

2025 йилги Давлат дастурида меҳнат жамоаларида “Масъулиятли ота-она” лойиҳасини кенг жорий этиш масаласи муҳим вазифа сифатида белгиланган эди.

Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, бугунги кунда айрим ота-оналар фарзандлари тақдирига бефарқ қараши, бундай масъулиятли юмушни ўзидан соқит этиб, баъзан фақат мактаб ва ўқитувчиларга юклаб қўйишдек ҳолатдан асло кўз юмиб бўлмайди.

Фармонга кўра, «Масъулиятли ота-оналик» мезонлари бўйича тренинг дастури ва тренерлар учун ўқув-методик қўлланма ишлаб чиқиш, мавзуга алоқадор маъруза матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари, видеороликлар, буклет ва флаерлар тайёрлаш бўйича тизимли ишлар олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу лойиҳанинг самарали амалга оширилишида тегишли ташкилотлар билан бирга “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ҳам ўзига хос ҳисса қўшмоқда.

Айтиш керакки, лойиҳада наинки оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари, балки яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, ота-оналарга педагогик-психологик билимлар бериш, уларнинг иқтисодий билимдонлиги, оиланинг маънавий – ахлоқий муҳити, оилада соғлом турмуш тарзини ривожлантириш масалалари очиб берилган.

“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ахборот хизмати маълумотларига кўра, лойиҳани амалга ошириш юзасидан бир қатор ишлар бажарилган. Жумладан, тиббиёт ходимлари, иқтисодчилар, педагоглар, психологлар ва социологлардан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди.

Ушбу гуруҳ томонидан мазкур масала бўйича 10 дан ортиқ хорижий давлатларнинг тажрибалари ўрганилди. Экспертлар гуруҳи томонидан “Масъулиятли ота-оналик” номли ўқув қўлланма тайёрланди ва Институт томонидан 10 минг нусхада нашр этилди.

Лойиҳани амалиётга тадбиқ этиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида “Ота-оналикка тайёргарлик”, “Ота-онанинг репродуктив саломатлиги”, “Ота-онанинг педагогик-психологик малакалари”, “Ота-онанинг иқтисодий билимдонлиги” ва “Оиланинг маънавий-ахлоқий муҳити” номли қўлланмалар ҳам тайёрланди.

“Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси доирасидаги амалий машғулотлар учун иш дафтари”, “Ёш ота-оналар учун фарзанд дафтари” ишлаб чиқилди.

Ота-оналарнинг масъулиятини оширишга қаратилган 8 та видеодарс, 1 та ижтимоий ролик, 3 та видео рилс ва 10 та тарғибот материаллари яратилди.

Албатта, бу борадаги ишларни янада кучайтириш ва такомиллаштириш муҳим. Негаки, юртимизнинг эртанги куни бугунги авлод қўлида. Шундай экан, тарбияда бўшлиқ ва лоқайдлик, бефарқликка йўл қўйиб бўлмайди.

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири