“Reuters”: АҚШ ва Ўзбекистон муҳим келишувга эришди
Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон муҳим фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзолади, деб хабар бермоқда “Reuters” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида икки мамлакатнинг стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган “Қўшма инвестиция дастури” (Joint Investment Framework) ҳужжати имзоланган.
Ушбу битим доирасида муҳим фойдали қазилмаларнинг бутун қиймат занжирига, жумладан, уларни геологик қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашга инвестиция киритишга устувор аҳамият қаратилади. Бундан ташқари, DFC режасида фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида келгуси лойиҳаларни амалга ошириш учун янги Америка–Ўзбекистон қўшма инвестиция холдинг компаниясини ташкил этишни таклифи келтирилган.
Экспертлар фикрича, ушбу битим умумий иқтисодий манфаатларни илгари суриш бўйича ҳамкорликка кўмаклашади ҳамда стратегик тармоқларга, жумладан, муҳим фойдали қазилмалар, инфратузилма ва энергетикага қўшма инвестициялар киритишни рағбатлантиради.
Нашрнинг эътироф этишича, Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга Ўзбекистон 2016 йилдан буён иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириб келмоқда. Мамлакат олтин, уран, мис, шунингдек, замонавий технологиялар асосини ташкил этувчи литий ва вольфрам каби муҳим минералларнинг фойдаланилмаган захираларига эга.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА