Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенгайтирилади

25

Жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар, янги инвестиция оқимлари ва инфратузилма лойиҳалари мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштиришни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизнинг етакчи халқаро шериклар билан амалий мулоқотлари изчил давом эттирилмоқда.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Буюк Британиянинг Озарбайжон ҳамда Марказий Осиё бўйича савдо вакили Лорд Жон Олдердейс ўртасида ўтказилган учрашув ҳам ана шундай мулоқотлардан биридир. Унда вазирлик раҳбарияти вакиллари, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда қатор халқаро молиявий ва муҳандислик компаниялари мутахассислари иштирок этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати, уларни янада ривожлантириш имкониятлари ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. Мамлакатимизда кейинги йилларда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, транспорт ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш, темир йўл ва автомобиль йўллари қурилиши, аэропортларни модернизация қилиш, энергетика тармоғида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, тадбирда мазкур йўналишлар, давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда миллий компанияларни халқаро капитал бозорларига чиқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Британиянинг “ArupInternational Projects LTD” компанияси томонидан Самарқанд вилояти Челак шаҳарчаси марказий кўчасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган мастер режа концепцияси ижобий баҳоланди. Томонлар бундай лойиҳалар ҳудудларнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Мулоқот якунида вазирлик ва мазкур компания ўртасида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Томонлар келгусида ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА