Одам савдосига қарши курашиш кучаймоқда
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили Кэри Жонстоннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида пойтахтимизда ҳуқуқ-тартибот органлари ва соҳа мутахассислари учун икки кунлик ўқув курси ташкил этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида бўлиб ўтган тренинг рақамли технологияларни қўллаган ҳолда амалга оширилаётган эксплуатацияга қарши курашиш мавзусига бағишланди. Ўқув курсларида Бош прокуратура, ИИВ, Рақамли технологиялар вазирлиги, кадрларни тайёрлаш институтлари, шунингдек болаларни ҳимоя қилиш ҳамда меҳнат назорати учун маъсул идоралар вакиллари иштирок этди.
– Одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ва одам савдосининг олдини олиш учун кучли сиёсат билан бирга, малакали мутахассислар керак, – деди К. Жонстон. – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг учун мустаҳкам пойдевор яратиб, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш борасида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирлар мажбуриятларни самарали амалий ҳаракатга айлантиришга ёрдам бермоқда.

Тренинглар ЕХҲТнинг технологиялардан фойдаланган ҳолда одам савдоси ҳолатларини тергов қилиш бўйича ўқув дастурига асосланган бўлиб, мазкур дастур иштирокчиларга аҳолининг заиф гуруҳларига таъсир кўрсатиш учун тобора кўп қўлланилаётган эксплуатация усулларини аниқлаш, текшириш ва олдини олиш бўйича зарур билимларни беришга мўлжалланган.
– Ўқув курси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларида проактив онлайн терговлар ўтказиш, очиқ ахборот манбалари билан ишлаш ҳамда жабрланганлар манфаатларига қаратилган ёндашув бўйича аниқ кўникмаларни шакллантириб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўқув муассасаларига технологиялардан фойдаланган ҳолда одам савдосига қарши курашиш учун ўқитиш усулларини мослаштириш имконини беради – деди К. Жонстон.
Иштирокчилар технологиялардан фойдаланган ҳолда одам савдоси ҳолатларини тергов қилиш бўйича чуқур билимлар олиб, мутахассисларни тайёрлашда тергов усуллари, аниқ мисоллар асосида ўқитиш ва жабрланувчилар манфаатларига йўналтирилган ёндашувни уйғунлаштиришни ўргандилар. Улар ушбу модулларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан бирга, курсантларга ҳам ўргатиши мумкин. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг онлайн ёллаш усулларини аниқлаш, рақамли эксплуатацияни тергов қилиш ва виртуал маконда жиноятчиларнинг назорат қилиш усулларининг олдини олиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш имконини беради.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен ходимларни тайёрлаш ва замонавий тергов воситаларини жорий этишга йўналтирилган инвестициялар мамлакатнинг жиноятларнинг олдини олиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ҳамда янги рақамли таҳдидларга жавоб бериш салоҳиятини оширишини таъкидлади.
ЕХҲТ махсус вакилининг мамлакатимизга ташрифи доирасида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ташаббусларнинг қатор юқори мартабали иштирокчилари билан учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Кэри Жонстон Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги муваффақиятли тажрибасини таъкидлаб, бу борадаги саъй-ҳаракатлар, шу жумладан сўнгги қонунчилик ислоҳотлари — Жиноят кодексига киритилган одам савдоси учун жазони кучайтирувчи ўзгартиришлар ҳамда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонунни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Азиза Алимова, ЎзА