Марказий Осиё олималарининг халқаро форуми

13

Пойтахтимизда 11 февраль — Халқаро илм-фандаги хотин-қизлар куни муносабати билан “SheSCIENCE 2026” Марказий Осиё олималари халқаро форуми бўлиб ўтди.

Форум Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Осиё тараққиёт банки ҳамда TWAS — Жаҳон фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда давлат бошқаруви органлари, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва олий таълим тизими вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 200 нафарга яқин олима аёллар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бoш вазири ўринбoсари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳo Маҳкамoва, олий таълим, фан ва иннoвациялар вазири Қўнғирoтбoй Шарипoв, Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпoв мамлакатимизда аёл-қизларнинг илм-фан соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Oсиё тараққиёт банкининг Ўзбекистoндаги ваколатхонаси директoри Канoкпан Лаo-Арая, Жаҳон фанлар академияси – ТWАС вице-президенти Сабаҳ Ал-Мўмин Марказий Oсиёда аёл oлималарнинг илмий фаoлиятини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш ва xалқарo илмий ҳамкoрликни ривoжлантириш хусусида гапирди.

Тадбир минтақада илм-фан соҳасида фаолият юритаётган аёл олималарни бирлаштириш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Форум доирасида илм-фан ва инновация, минтақавий ва глобал ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, экология, тиббиёт, муҳандислик, рақамли технологиялар, биотехнология каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.

Форум доирасида “Мўътабар аёл – 2025” кўкрак нишони билан тақдирлаш ҳамда “Олима аёл – 2025” миллий грант танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Танлов 2021 йилдан буён иқтидорли аёл олималарни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббус сифатида амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, илмий ва инновацион экотизимларни интеграция қилиш орқали минтақавий ривожланиш масалаларига бағишланган панель сессия ташкил этилди. Унда БМТ, Марказий Осиё давлатлари ва халқаро илмий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Форумнинг илмий дастури доирасида биология ва тиббиёт, экология ва иқлим, математика, муҳандислик ва физика каби йўналишларда учта илмий сессия ўтказилиб, биотехнология, барқарор ривожланиш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва муҳандислик соҳаларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2025 йил давомида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 1 триллион 405 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 763 та илмий лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳаларнинг 214 тасига, яъни 28 фоизига олима аёллар раҳбарлик қилаётгани аёлларнинг илм-фандаги салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.

2025 йилда олий таълимдан кейинги таълим босқичига қабул қилинган 17 мингдан ортиқ изланувчи ва стажёр-тадқиқотчиларнинг қарийб 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бугунги кунда ушбу тизимда таҳсил олаётган 36 мингдан зиёд тадқиқотчиларнинг деярли ярми — аёллар.

“Академик ҳаракатчанлик” дастури доирасида 2025 йилда ғолиб бўлган 93 нафар иштирокчининг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Шунингдек, хорижий илмий стажировкаларга юборилган 145 нафар ёш олимлар орасида 24 фоиздан ортиғи аёллар бўлиб, улар Венгрия, Туркия, Хитой, Малайзия, Буюк Британия ва Беларусь каби давлатларда илмий тажриба орттирмоқда.

Бугунги кунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг 7 минг 400 нафардан ортиқ аъзосининг 47 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Форум иштирокчилари “SheSCIENCE 2026” тадбири Марказий Осиёда аёл олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш, ёшларни илм-фанга жалб этиш ва халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим платформа эканини таъкидлади.

Н.Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА мухбири