Ядро тиббиёти соҳасида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги кенгаймоқда
«Ўзатом» агентлигида мамлакатимиз ядро тиббиётини ривожлантириш истиқболларига бағишланган ишчи йиғилиш ўтказилди.
Унда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси, «Радиопрепарат» давлат корхонаси, мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт муассасалари раҳбарлари, вакиллари ҳамда «Росатом қурилиш технологиялари» дивизиони мутахассислари иштирок этди.
Россия томони учрашувда ядро тиббиёти инфратузилмасини замонавий талабларга мос равишда ривожлантириш тажрибалари билан ўртоқлашди. Улар циклотрон мажмуалари, радиофармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда ПЭТ/КТ диагностика марказларини ташкил этиш бўйича амалий мисолларини тақдим этди.
Шунингдек, тадбирда халқаро даражада муваффақиятли амалга оширилган тайёр лойиҳалар тажрибаси ҳақида ҳам сўз борди.
Мутахассислар қайд этганидек, бу каби ташаббуслар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Тошкентда Ядро тиббиёти маркази лойиҳаси бошланди. Марказни 2026 йилда ПЭТ/КТ ускуналари, циклотрон, радиофармлаборатория, гамма ва кибер-пичоқ технологиялари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Лойиҳа онкологик ёрдам сифатини яхшилаш, саратонни эрта босқичда аниқлаш ва халқаро стандартларга мувофиқ кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш учун “Йўл харитаси” ва стратегияни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА