Ўзбекистон маҳсулотлари жаҳон бозорида – “Fruit Logistica 2026”
Ўзбекистон маҳсулотларини дунёнинг исталган давлатларига етказиш имкониятлари кенгаймоқда. Бунинг учун эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини халқаро харидорларга намойиш эта билмоғи муҳим саналади.
Германиянинг Берлин шаҳрида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги дунёдаги энг йирик кўргазмалардан бири – “Fruit Logistica 2026” бошланди.
Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” миллий стендида мамлакатимизнинг агросаноат салоҳияти кенг намойиш этилмоқда.
Миллий экспозицияда 20 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини халқаро харидорлар ва потенциал ҳамкорларга тақдим этмоқда.
Ушбу иштирок янги экспорт бозорларини очиш, хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва “Made in Uzbekistan” брендини жаҳон миқёсида мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, кўргазма 6 февраль кунига қадар давом этади. Ўзбекистон павильони “Messe Berlin” кўргазма марказининг Hall 22/E50 стендида жойлашган.
А.РУСТАМОВ, ЎзА