Болалар саломатлиги йўлида халқаро ҳамкорлик

Республикамизда барча соҳалар каби тиббиёт соҳасида ҳам хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ишлари такомиллаштирилиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича замон талаблари асосида янгиликлар жорий этилмоқда.
Жумладан, сўнгги йилларда Исроил давлатининг «MASHAV» агентлиги ва Франциянинг Les Amis Ouzbekistan ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик ишлари жадал ривожланмоқда. Айниқса, уларнинг тиббиёт соҳасида олиб бораётган кенг кўламли ишлари натижасида йўлга қўйилган лойиҳалари ўзининг ижобий натижасини бераётир.
Шундай лойиҳалардан бири Қорақалпоғистондаги «Меҳрибон инсонлар» хайрия жамғармаси томонидан амалга оширилиб, унда Хўжайли тумани Болалар фтизиатрия санаториясида даволаш жисмоний тарбия хонаси ташкил этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Яқинда ушбу жамғарма вакиллари санаторийда бўлиб, беморларга яратилган имкониятлар билан танишди, улар билан суҳбатлашди. Ўз навбатида санаторийда даволанаётганлар ва уларнинг ота-оналари ҳам бу яратилган шароитлардан мамнун бўлиб, ташкилот раҳбарларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
– Бугунги кунда санаториямизда 45 нафар бола даволанмоқда, – дейди Хўжайли тумани Болалар фтизиатрия санаторияси бош шифокори Генжемурат Бобожонов. – Бу яратилган шароитлар ўз навбатида санаториямизда даволанаётган болаларнинг тезроқ соғайиб кетишига ёрдам беради. Бунинг учун Исроил давлатининг «MASHAV» агентлиги ҳамда Франциянинг Les Amis Ouzbekistan ташкилотлари ва «Меҳрибон инсонлар» хайрия фондига катта раҳмат айтаман.
– Биз «MASHAV» агентлиги билан 3 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – дейди Қорақалпоғистондаги «Меҳрли инсонлар» хайрия фонди раҳбари Замира Кличева. – Шу йиллар давомида агентлик билан ҳамкорликда республикамизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Келгусида ҳам ҳамкорликни давом эттирамиз.
Маълумот учун айтадиган бўлсак, санаторийда «Меҳрли инсонлар» хайрия фонди томонидан болалар ўйин хонаси Франциянинг Les Amis Ouzbekistan ташкилоти ва Даволаш жисмоний тарбияси кабинети ҳамда Исроил давлатининг «MASHAV» агентлиги томонидан молиялаштирилди.



Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси