Ноқонуний эгалланган ерларни қайтариш бўйича қандай тадбирлар әмалга оширилмоқда?

Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари П.Сейтмуратов ва Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғ.Турдибоевлар кадастр соҳасида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумот берди.
Қайд этилганидек, Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари томонидан ўтган йил давомида ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини назорат қилиш ишлари олиб борилиб, республикамиз бўйича 4211 ҳолатда, жами 371,7 гектарлик ер ноқонуний эгаллангани аниқланган. Шундан жами 242,2 гектарлик ерга эга 2605 та ҳолат бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, бу ерлар ҳокимликларнинг ер захираларига қайтарилди. Шунингдек, 39,2 гектар ер майдонига эга 675 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Бундан ташқари, 44 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Прокуратура органларига юборилди. Қолган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар давом эттирилмоқда.



2025 йил давомида фуқаролар томонидан 1189 ҳолатда 683 гектарлик ердан мақсадсиз фойдаланиб келингани аниқланиб, 1189 ҳолатда Республика ер фондига қайтариш учун ҳокимликларга ҳужжатлар тақдим этилиб, шундан 671 гектар ер майдони давлат ер фондига қайтарилди.
«Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги Қонунга асосан 2024-2025 йилларда 228 та маҳаллада хатлов ишларини амалга ошириш режалаштирилган эди. Ушбу ишлар давомида 154661 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилиб, бугунги кунга қадар 2039 нафар фуқаронинг ерга ва мулкка бўлган ҳуқуқи тан олинди.
2025 йилда келиб тушган аризаларга асосан 90449 та кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилди. Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун 20,35 гектар майдонда 231 та ер участкаси ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун 8 372 та ер участкаси аукционда сотилди.
Матбуот анжумани давомида иштирокчилар, кўп қаватли уйлар орасида қурилган тижорат объектларининг қонунийлиги, мол-мулкни кадастр орқали расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги