Абу-Дабидаги музокаралар натижасиз тугади

Абу-Дабида АҚШ воситачилигидаги Украина ва Россия ўртасида бўлиб ўтган уч томонлама учрашувлар ниҳоясига етди. Асосий натижа томонлар ўртасида бевосита алоқа ўрнатилди, лекин аниқ келишувларга эришилмади, деб хабар берди DW агентлиги.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, бу узоқ вақтдан бери кутилган илк учтомонлама музокара. Унинг сўзларига кўра, суҳбатлар конструктив бўлган ва асосий эътибор урушни қандай якунлаш мумкинлигига қаратилган.
Музокаралар вақтида Россия Украинага навбатдаги кучли ракета ва дрон ҳужумини амалга оширди. Украиналик сиёсатчилар бу воқеадан кейин Россияни тинчликка тайёр эмасликда айблаб, санкцияларни кучайтиришга чақирди.
Украиналик эксперт Анна Шелестнинг фикрича, бу учрашув аниқ қарорлар чиқармаган бўлса ҳам, музокаралар динамикаси ўзгарганини кўрсатди. Илк бор АҚШ ва Россия вакиллари Украина билан бир стол атрофида ўтирди. Бу АҚШга Россиянинг ҳақиқий позициясини яхшироқ тушуниш имконини беради.

Бошқа эксперт Володимир Горбач эса бу жараённи кўпроқ кўзбўямачилик, деб ҳисоблайди. У “Трамп режаси” деб аталган таклифни амалга ошмаслигини, энг кўпи билан айрим техник келишувларгагина эришиш мумкинлигини билдирди.
Украиналик экспертларнинг умумий хулосаси сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳозирча бу ҳақиқий тинчлик музокараси эмас, балки дипломатик жараённинг бошланиши. Украина тинчликка қарши эмас, лекин уруш давом этаётган бир пайтда реал келишув бўлишига ишонмайди. Россия позициясида эса, ҳозирги музокаралар жараёнида ўз шартларини қабул қилдиришга уриниш кузатилади.
Хуллас, Бирлашган Араб Амирликларида уч томонлама музокаралар якунланди. Музокаралардан кейин делегациялар тарқалди. Энди ҳар бир томон Абу-Дабида муҳокама қилинган масалаларни ўз етакчилари ва ҳукумат аъзолари билан келишиб олади. Кейин эса, эҳтимол, келаси ҳафта яна музокаралар столига қайтишлари мумкин.
Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.
Кенжа Бекжонов, ЎзА