Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган учрашув ва байрам кечаси бўлиб ўтди

21

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган учрашув ва байрам кечаси бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси, захирадаги майор Дастан Алламуратов, унинг ўринбосари, захирадаги сержант Бахит Қанназаров, афғон уруши қатнашчиси, захирадаги сержант Мурат Абдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси катта инспектори Атабек Ходжаев, факультет деканлари ўринбосарлари, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади ва мамлакатимиз Қуролли Кучларининг ташкил этилиши, сўнгги йилларда миллий армиямизни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлигини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотларнинг натижалари ҳақида маълумотлар берди.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар, шунингдек, Тараққиёт стратегиялари ва Мудофаа доктринаси асосида муҳим ва тарихий қарорлар қабул қилинди. Айниқса, мамлакатимиз миқёсида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиб беришда қилинаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Хусусан, миллий армиямизнинг ҳудудий, халқаро рейтинглардаги, ўтказилаётган турли мусобақалардаги кўрсаткичлари юксалмоқда. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз дунёда ва МДҲда, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари орасида юқори ўринларни эгалламоқда.

Миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка қарши турли таҳдидлар юз бераётган бугунги кунда халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши, чегараларимиз дахлсизлиги ва бутунлигини таъминлаш ҳар биримизнинг олдимизда турган устувор вазифалардан биридир.

Тадбирда ана шундай улкан мақсадлардан келиб чиқиб, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида кўрсатиб ўтилган етти устувор йўналишнинг бири мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат юритиш эканлиги, шунингдек, улардан келиб чиқиб амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шу билан бирга, фахрий ҳарбий хизматчилар ёшларга ўзларининг ҳаёт йўли, афғон урушининг оқибатлари ҳақида сўзлаб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга ва мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишга чақирди.

Тадбир институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли талаба-ёшлар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги