Мадуронинг қулашига пул тикканлар анчагина пул ишлаб олди

14

Венесуэла Президенти Николас Мадуронинг ҳокимиятдан четлатилиши эълон қилиниши арафасида башорат бозорида беҳисоб пул айлангани шубҳа-гумонларга сабаб бўлди. Бу ҳақда ВВС хабар берган.

Мақолада гап АҚШ махфий амалиёти олдиндан маълум бўлгани ҳақида кетаётгани таъкидланган. Нашр ёзишича, криптога асосланган “Polymarket” платформасида бир исми номаълум фойдаланувчи Мадуронинг январь охиригача ҳокимиятдан кетишига пул тикиб, 32 000 доллар эвазига қарийб 436 000 доллар фойда кўрди. Шубҳали жиҳати, ушбу “аккаунт” платформага яқинда қўшилган ва фақат Венесуэла билан боғлиқ гаровга қўшилган.

Маълумотга кўра, 2 январь куни 6,5 фоизга баҳоланган Мадуронинг қулаши эҳтимоли бир неча соат ичида кескин ошган. Бундай ўсиш Дональд Трамп қўлга олиш жараёни ҳақида хабар беришидан бироз олдин кузатилган.

“Кучли башорат”ни ким айтгани номаълум. Мутахассислар айни ҳолатда ички ахборотдан фойдаланилганини истисно қилмаяпти. Яна бир неча фойдаланувчи ҳам катта даромад олгани қайд этилган.

Мазкур воқеа АҚШ қонунчилари эътиборини тортди. Конгрессда махфий маълумотга эга давлат хизматчилари башорат бозорига пул тикишини тақиқлаш ташаббуси илгари сурилди.

Умуман, сўнгги йилларда шу турдаги бизнес АҚШда тез оммалашди. Фонд бозоридан фарқли ўлароқ, бу соҳа ҳануз қатъий тартибга солинмаган.

Мусулмон Зиё, ЎзА