Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактабларига ҳомийлик маблағларини жалб қилиш учун шаффоф платформани ишга туширди. Мамлакатимизда илк бор “Краундфандинг” (Халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси “Mfond.uz ўз ишини бошлади.
Ушбу тизим умумтаълим мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини ишлатишда очиқлик таъминлаб беради.
Шу муносабат билан Ёшлар пресс-клубида ташкил этилган тадбирда турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этди. Ушбу платформа орқали жамланган маблағлар мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мазкур жамғарма орқали ҳомийлар маблағларини маълум бир таълим даргоҳи ёки умумий жамғарма ҳисобига ўтказиб бериши мумкин. Жамғарма ҳисобидан амалий дарсларга мўлжалланган ўқув лабараториялари, ақлли синфлар жиҳозланади. Шунингдек, умумтаълим мактаблари ўқувчи ва ўқитувчиларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни ривожлантириш учун маблағлар йўналтирилади.
М.Тошқораева, ЎзА