Болалар Президент совғаларини олиб кўнгиллари қувончга тўлди

10

Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида болажонларга қувонч улашган, меҳр ва эътиборга бой байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда клиникада даволанаётган ва «Меҳрли мактаб»да таълим олаётган болаларга Президент совғалари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов, Маданият вазири Б.Темирбаев, институт ректори О.Халимов, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя агентлиги ходимлари иштирок этди. Меҳмонлар болаларни кириб келаётган янги йил билан самимий табриклаб, ҳар бир бола давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва ғамхўрлигида эканини алоҳида таъкидлади.

Кўпчиликка  маълумки, Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида «Замин» фонди ташаббуси билан ташкил этилган «Меҳрли мактаб» филиали самарали фаолият юритмоқда. Бу ерда узоқ муддат даволанишга муҳтож, онкогематологик касалликлар билан курашаётган болалар даволаниш билан бир вақтда таълим-тарбия олиш имкониятига эга бўлиб, болалар учун қулай синфхоналар, махсус ўқув шароитлари яратилган бўлиб, таълим жараёни реабилитация билан уйғун ҳолда, ота-оналар иштирокида олиб борилади.

Байрам тадбири доирасида болалар янги 2026 йил учун орзу-истакларини билдирди. Арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари ва саҳналаштирилган замонга мос саҳна кўринишлари иштирокидаги қизиқарли томошалар болаларга унутилмас байрам кайфиятини бағишлади.


                                                              Қорақалпоғистон ахборот агентлиги