Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

23

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов Хитойнинг «BEIJING CHINA SCIENCES RUNYU ENVIRONMENTAL TECHNOLOGY» (CСЕТ) компанияси Кенгаши Раиси Л.Бо бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, экология ва барқарор ривожланиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Хитой компанияси томонидан замонавий технологиялар асосида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан муқобил энергия манбалари олиш бўйича таклифлар билдирилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларини жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, бу соҳада илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва инвестицияларни жалб этишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келгусида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги