Яшил иқтисодиёт ва экологик таълим масалалари муҳокама қилинди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Табиий фанлар факултетида “Яшил иқтисодиёт ва экологик таълим: илмий-педагогик ёндашувлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция яшил иқтисодиёт тамойилларини таълим тизимига татбиқ этиш, экологик маданиятни шакллантириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда илмий-педагогик ёндашувларнинг ўрни ҳамда аҳамиятини муҳокама қилишга бағишланди.
Тадбирда республикамиздаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, докторантлар ҳамда талабалар иштирок этди.
Конференция давомида яшил иқтисодиётнинг замонавий йўналишлари, экологик таълимни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, таълим жараёнида экологик билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган илғор тажрибалар бўйича маърузалар тингланди. Шунингдек, экологик барқарорликни таъминлашда инновацион таълим технологиялари ва фанлараро ёндашувларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида экологик таълим сифатини ошириш, яшил иқтисодиёт ғояларини педагогик жараёнларга кенг татбиқ этиш бўйича муҳим хулосалар ва амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Конференция якунида таълим ва илм-фан соҳасида экологик масъулиятни кучайтириш, ёшлар онгида табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ва яшил иқтисодиёт тамойилларини тарғиб қилиш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги