18 декабрь — Халқаро мигрантлар куни

7

Бугунги кунда дунё миқёсида миллионлаб инсонлар меҳнат мигранти сифатида фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи халқаро миқёсда долзарб аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан 2000 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 55/93-сон резолюциясига мувофиқ, 18 декабрь — Халқаро мигрантлар куни этиб белгиланган. Ушбу сана меҳнат миграцияси соҳасини такомиллаштириш, мигрантларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, давлатларнинг мазкур йўналишдаги масъулиятини оширишга қаратилган.

Маълумки, ўзбекистонлик фуқаролар ҳам қатор хорижий мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тўлов баланси департаменти директор ўринбосари Азизбек Ҳайитовнинг маълум қилишича, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистондан 2 миллион 360 минг нафар меҳнат мигранти чет элга чиққан. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга юқори.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шу орқали меҳнат миграциясини қисқартиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қатор давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.

Шербек Исломов, ЎзА