Замонавий ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг мустаҳкам пойдевори

64

Бугунги кунда инсон қадри, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси мамлакатимизнинг бутун ички ва ташқи сиёсатининг асосига, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига ва ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида илк бор «Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» (1-модда), деган норма белгиланди.

Давлатимизнинг асосий мақсади – ҳар бир фуқарога эътиборли бўлиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатлами учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашдан иборат. Хусусан, Бош қомусимизнинг «Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» деб номланган иккинчи қисми яна тўлдирилди. Бу билан мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев олиб бораётган давлат бошқарувидаги «Инсонни рози қилиш» сиёсати Конституция даражасига кўтарилди.

Асосий қонун матни қарийб 65 фоизга янгиланиб, ижтимоий нормалар 3 баробар кўпайтирилди. Унда бир қатор муҳим ўзгаришлар ва янги кафолатлар жорий этилган. Улардан айримлари: суд ва адвокатура мустақиллиги, одил судлов кафолатлари – суд тизимига эркинлик берилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилди. Масалан, қамоққа олишда суд қарорисиз шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш тақиқланиб, президентлик ваколати муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, давлат бошқаруви тузилмаси, парламент ва суд органларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Яъни, давлат органларининг тузилмаси ва роли янгиланиб, ҳуқуқий тенглик, ижтимоий кафолатлар – фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз – дунёвий давлат, очиқ ва адолатли жамият барпо этиш, унда тенглик ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини камситмаслик ғояларига асосланади. Бунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари маданияти тобора юксалиб бораётгани, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат руҳи шаклланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Конституция фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларига бўлган муносабатни янгилаб, уларнинг онгини сезиларли даражада кенгайтирди ва амалга ошириш механизмларини кучайтирди. Бугунги кунда ҳар бир инсон учун сифатли таълим олиш, муносиб тиббий ёрдам, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, кексалар, аёллар ва болаларга давлат томонидан ғамхўрлик қилиш кафолатланган. Аҳолининг муносиб турмуш даражасини таъминлаш ва ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмайдиган шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ илмли ва маърифатли бўлса ҳеч қачон тараққиётдан ортда қолмаган. Янги Конституциямизда таълим ва илм-фанга оид меъёрлар қарийб 2 баробар оширилди. Ногиронлиги бўлган фарзандларимизга ўз тенгдошлари билан тенг таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутилди. Шу боис, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилди. Бунда болаларнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.

Шу билан бирга, бизга илк бор таълим ва тарбия берган устозларимизнинг обрў-эътиборини оширишга қаратилган нормалар Конституцияда ўз аксини топди. Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилди.

Асосий қонунимизнинг муқаддимасида Ўзбекистон халқи ушбу Конституцияни, жумладан, «фуқароларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида» қабул қилгани алоҳида таъкидланган. Шунинг учун асосий қонунимиз – биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки миллий ғурур, керак бўлса, Ўзбекистонда яшаётган барча инсонлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя воситасидир.

Янги ҳуқуқий макон асосида қуриладиган эртанги кунимиз қандай бўлиши, бахтли ва фаровон келажакка эришиш бу янгиланган Конституция руҳига қанчалик таянишимиз, унинг ижтимоий-ҳуқуқий имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимиз, нормаларини чуқур ўрганишимиз асосида унинг талаб ва тамойилларини тўғридан-тўғри қўллашимиз ҳамда амал қилишимизга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.

М.Адилова,

Бердақ номидаги ҚДУ юридика факультети ўқитувчиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги