«Илҳом ва сўз қудрати» республика танлови ғолиблари тақдирланди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 27 декабрдаги қарори билан Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигининг 90 йиллигига бағишлаб «Ҳозирги қорақалпоқ филологиясининг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилиши белгиланган эди. Бугун ушбу ўқув даргоҳида Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигининг 90 йиллигига бағишланган илмий-назарий конференция доирасида «Илҳом ва сўз қудрати» мавзусидаги Республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда университет ректори вазифасини бажарувчи О.Дуйсенбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигининг 90 йиллиги билан табриклаб, факультетнинг ўқув даргоҳида алоҳида ўрни борлиги ва таниқли олимлар, педагог кадрлар бу даргоҳда меҳнат қилиб, улардан таълим олган қанчадан-қанча талаба ёшлар таниқли мутахассислар бўлиб етишиб чиққанлигини таъкидлади. Шундан сўнг Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Туркманистон, Қирғизистон республикаларидан конференцияда иштирок этиш учун келган меҳмонларга кўкрак нишонлари ва совғалар топширилди.
Шундан сўнг анжуман доирасида ташкил этилган «Илҳом ва сўз қудрати» мавзусидаги Республика танлови ғолиблари тақдирланиб, уларга диплом, статуэтка ва қимматбаҳо совғалар топширилди.





– Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигининг 90 йиллик байрами бу нафақат таълим муассасаси ва ушбу тадбир иштирокчиларининг, балки бутун қорақалпоқ халқининг байрами. Чунки, қорақалпоқ тили ва адабиёти бу халқимизнинг Она тили ва бой адабий мероси деганидир. Конференцияда бир неча давлатдан таниқли олимларнинг иштироки бу қорақалпоқ тили ва адабиётига бўлган уларнинг ҳурматини, эътиборини билдиради. Ушбу конференциянинг 1 декабрь Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида ўтказилиши ҳам жуда ўринли бўлиб, тадбир байрам билан уланиб кетади. Байрам барчага қутлуғ муборак бўлсин, – дейди танловнинг Эссе жанри бўйича биринчи ўрин эгаси Қорақалпоғистон халқ шоири Х.Давлетназаров.
Тадбир университетнинг «Ҳурлиман» халқ ансамбли аъзолари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Г.Турдишова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги