Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида дўстлик риштаси янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги дўстлик алоқалари бугун мустаҳкам ҳамда ўсиш динамикасига эга. Бу муносабатларни янада кенгайтириш ва янги мазмун билан бойитиш Индонезия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сити Руҳайни Жухаятин учун асосий устувор вазифалардан биридир.
27 ноябрь куни мамлакатимизда янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев элчиларни чин кўнгилдан табриклаб, уларнинг Янги Ўзбекистондаги фаолияти дўстона муносабатлар ва шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Маросимдан сўнг элчи Сити Руҳайни Жухаятин ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Ўзбекистон ва Индонезия муносабатлари юз йилдан зиёд давом этган тарихий асосга эга. Индонезиянинг биринчи Президенти Аҳмад Сукарнонинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш мақсадида амалга оширилган. Ушбу ташриф бугунги мустаҳкам ҳамкорлик пойдеворига айланди.
Бу тарихий асос ва дўстлик кўприги бугунги кунда янги мазмун касб этмоқда. Менга ана шу ҳамкорликни янада кенгайтириш вазифаси юкланган. Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва очиқ сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Сиёсий, маданий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда самарали ҳамкорликни давом эттирамиз.
Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, зиёрат масканлари ва саёҳат салоҳияти келгуси йилларда яна кўплаб индонезиялик сайёҳларни ўзига жалб этади. Шунингдек, Индонезиянинг табиий гўзаллиги ва маданий мероси ҳам ўзбекистонликлар учун қизиқ ва манзур йўналиш бўлиб қолади.
Ўзбекистонда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қиляпман. Шу ерда хизмат қилишдан миннатдорман. Умид қиламанки, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янада чуқурлашиб, ривожланаверади. Бу муносабатлар дўст ва биродар халқларимизнинг манфаати учун хизмат қилади.
ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.