Euronews: Тошкентнинг AI стратегияси Европани қизиқтирмоқда

32

«Euronews» ёзишича, Ўзбекистонда Президент фармони билан улкан ҳажмли AI ва маълумот маркази лойиҳаларини жалб этиш учун “tax-free” – “солиқдан холи” махсус зона ташкил этилди. Шу тариқа мамлакат 85 миллион евродан зиёд хорижий инвестиция чақириш, инфратузилмани давлат кўмагида қўллаб-қувватлаш, сармоядорларни арзон электр энергияси ва қайта тикланувчи манбалар билан таъминлашни мақсад қилган.

Нашр мазкур лойиҳанинг энг салмоқли қисми Қорақалпоғистонда амалга оширилаётганини таъкидлаб, танловни стратегик қарор дея баҳолади:

– Ҳудудда электр ишлаб чиқариш истеъмолга нисбатан 10-15 фоиз кўп, иқлим салқин, ер майдони бисёр. Республика Қозоғистон ҳамда Транскаспий йўлагига энг яқин минтақа сифатида ўзига хос экспорт салоҳиятига эга. Тўғри, Орол бўйида таназзул туфайли сув ресурслари чекланган. Бинобарин, янги марказлар кўп сув талаб қилмайди. Яъни, кам сув сарфлайдиган совитиш технологиясидан фойдаланади. Қорақалпоғистоннинг ўртача 12-14°С ҳарорати табиий совутиш имкониятини оширади. Натижада энергия сарфи кескин камаяди.

Шунингдек, «Euronews» мақоласида айни ташаббус қўшимча иш ўринлари яратиши, ҳудудга IT мутахассисларини жалб қилиши, минтақани сунъий интеллект ва самовий маълумотлар бўйича янги марказга айлантириши кутилаётганига эътибор қаратган. Рақамли технологиялар вазирлиги маслаҳатчиси Камола Собированинг фикрича, Қорақалпоғистон улкан  маълумот марказлари учун кам учрайдиган энергетик, табиий ва географик афзалликларни мужассам этган. Демак, ушбу минтақа нафақат мамлакат, балки бутун Марказий Осиё миқёсида AI хизматлари экспорти учун йирик платформага айлана олади.

Давлатимиз раҳбари фармони Ўзбекистоннинг 2030 йилгача тўлиқ AI экотизимини яратиш режаси билан ҳамоҳанг. Ҳужжатда юртимизга 860 миллион евродан кўп сармоя жалб қилиш, университетлар билан бирга AI лабораториялари очиш, камида 100 та сунъий интеллект лойиҳасини ишга тушириш ва IT хизматлари экспорти қийматини 4,3 миллиард еврога етказиш белгиланган. Нашрнинг якуний хулосасида мамлакатимиз AI ва маълумот марказлари учун махсус солиқдан озод ҳудуд ташкил этиши нафақат технологик сакраш, балки экологик ва иқтисодий реабилитация стратегиясининг ҳам муҳим босқичи сифатида баҳоланган.

Мусулмон Зиё, ЎзА