Кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш масалалари муокама қилинди

73

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талаба-ёшлар ўртасида кибержиноятларнинг олдини олиш, интернет тармоқларидан фойдаланишда ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қ.Қодиров, Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходими Ш.Узақбергенов, институтнинг профилактика инспектори М.Наримбетова, ёшлар масалалари бўйича масъуллар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашувда сўзга чиққанлар бугунги кунда интернет тармоғида учраётган турли кибержиноятлар, уларнинг жамият ва одамлар ҳаётига салбий таъсири ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ёшларни бундай жиноятларнинг олдини олишда ҳушёрликка, интернетдан масъулият билан фойдаланишга чақирди.

Тадбир иштирокчиларига кибержиноятларнинг энг кўп учраётган турлари – ижтимоий тармоқлар орқали зарарли файлларни очиш, сохта сайтлар орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш, кибербуллинг, онлайн фирибгарлик каби ҳолатлар ҳақида амалий мисоллар ёрдамида таништирилди.

Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги