Қишлоқларга янги электр тармоқларини тортиш давом этмоқда

63

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қорақалпоғистон ҳудудий филиали томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилиб, журналистлар Нукус туманидаги «Дийқан арна» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишлар билан таништирилди.

Мутахассислар томонидан 2025-йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида республикамиз ҳудудида яшовчи шахсий хўжалик истеъмолчиларини, ижтимоий ва саноат тармоқларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қорақалпоғистон ҳудудий филиали балансида узунлиги 20 479,5 километрлик 0,4-110 кВ.лик электр узатиш тармоқлари, 6793 трансформатор пунктлари мавжуд бўлиб, улар орқали республикамиз ҳудудида яшовчи шахсий хўжалик истеъмолчилари, ижтимоий ва саноат тармоқлари электр энергияси билан таъминланмоқда.

2025 йилнинг январь-август ойлари давомида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, узунлиги 2411,3 километрлик, 0,4-110 кВ.лик электр тармоқларига ва 730 трансформатор пунктларига йирик таъмирлаш ишлари режалаштирилган, бугунги кунда узунлиги 2434,3 километрлик, 0,4-110 кВ.лик электр тармоқлари, 745 трансформатор пунктларига йирик таъмирлаш ишлари бажарилди.

2025 йил давомида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, узунлиги 4528,2 километрлик 0,4-6-10 кВ.лик электр тармоқлари, 1571 трансформатор пунктларига кичик таъмирлаш ишлари режалаштириб, бугунги кунда узунлиги 4541,9 километрлик, 0,4-110 кВ.лик электр тармоқлари, 1587 трансформатор пунктларига кичик таъмирлаш ишлари бажарилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича ҳалокатли захира материаллари жамланди. Шундан 67 та тармоқ трансформатори, 67,9 тонна трансформатор мойи, 4,7 тонна АС русумли сим, 9,8 километрлик кабель, 546 та темир бетон устунлари (опор), 4050 та ажраткич, автомат, рубильник, изолятор, наконечник, кабель муфталари ва ҳалокатли эҳтиёт қисмлар (авария захира) билан таъминланди. Бундан ташқари 39 та махсус техника, бригадалар учун 48 та автотранспорт ва авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш учун 80 та бригада шай ҳолатга келтирилди.

– Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги махсус қарори билан оғир ҳудудга киритилган маҳаллаларга маблағ ажратилиб, шунинг ҳисобидан 39,5 километрлик электр тармоқларини реконструкция қилиш, модернизациялаш ишлари режалаштирилди, – дейди Нукус тумани электр тармоқлари бўлими бошлиғи Д.Ешниязов. – Айни пайтда режадаги ишлар тўлиқ бажарилди.

– Овулимизда 800 дан ортиқ хонадон яшайди. Бу ерга 1993 йилда 120 та симёғоч келтирилиб, электр тармоқлари тортилган эди. Ўша вақтда бу ишларга ўзим ҳам қатнашдим. Айрим жойларда хўжаликлар топилган ёғочини қоқиб, уйларига ток тортди. Кўпчилиги эскирган эди. Яқинда қишлоғимиздаги кўчаларга янги бетон устунлар ўрнатилиб, янги замонавий сибкабел электр тармоқлари тортила бошланди. Ҳозир хўжаликларимиз ундан фойдаланиб турибди. Хонадонларда электр орқали уланадиган техника ва ускуналар кўпайиб, ҳозирги электр энергиясига бўлган талаб ортиб бораётган бир пайтда янги электр тармоқларининг тортилиши халқимизга фойдали бўлди. Биз халқимизга шундай қулайликлар яратаётгани учун Президентимиздан, республикамиз раҳбарларидан, туман ҳокимлигидан ва соҳа раҳбарларидан жуда миннатдормиз, – дейди ушбу МФЙдаги «Шўркўл» қишлоғининг турғуни Оразбай Дармаганбетов.

Пресс-тур давомида иштирокчилар амалга оширилаётган ишларнинг бориши билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги