Сайт орқали суд мажлисларининг онлайн трансляцияси жорий этилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янгиланган расмий веб-сайти ишга туширилди. Ундаги фуқаролар ва юридик шахслар учун янги интерактив хизматлар жорий этилган.
www.sud.uz, www.oliysud.uz ва www.supcourt.uz каби манзиллар орқали кириш мумкин бўлган ушбу сайт замонавий технологияларнинг сўнгги ютуқ ва имкониятларидан кенг фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган.
Бу ҳақда янгиланган сайт тақдимотига бағишлаб Олий судда ташкил этилган тадбирда батафсил маълумот берилди.
Эндиликда фойдаланувчилар ушбу сайт орқали ҳозирда 4 йўналишда фаолият кўрсатаётган – жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар ҳақида маълумотларни осон топиши мумкин. Контентларнинг икки тилда – ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилиши фойдаланувчилар учун яна бир қулайликдир.
Шунингдек, сайтдан суд тизими, ҳал этиладиган низолар, судлар фаолиятига доир статистик маълумотлар, судларга мурожаат қилиш тартиби, мурожаат қилинганда ундириладиган давлат божи ставкалари ва реквизитлари тўғрисида батафсил маълумот олиш имконияти мавжуд.
Энг асосийси, сайтда судлар томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар тизимлаштирилган тартибда жойлаштирилган.

 

Н.Абдураимова, ЎзА