Ўзбекистон – Сербия: дўстлик, ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

117

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич 29 октябрь куни Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Александр Вучич мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги фаол ва ташаббускор позицияси ҳамда иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг барқарор ошиб бораётгани тарихий аҳамиятга эга воқелик сифатида эътироф этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади. Ушбу ташриф икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлаб бергани қайд этилди.

Сенат Раиси Ўзбекистон Сербияни Жанубий-Шарқий Европадаги муҳим ҳамкорлардан бири сифатида кўришини таъкидлаб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, парламентлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, “дўстлик гуруҳлари” фаолиятини кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда олий даражада эришилган келишувларнинг самарали ижросини таъминлашда парламентлар назоратининг муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, позицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.

Шундан сўнг Сербия Президенти Александр Вучич рафиқаси билан Тошкент шаҳрида барпо этилган, Ислом меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси ва Ўзбекистоннинг Учинчи уйғониш даври тимсоли саналган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонга Бош вазир ўринбосари О.Раматов ҳамда марказ раҳбарияти, олимлар ҳамроҳлик қилиб, дунёда ўхшаши бўлмаган ушбу улкан меъморий мажмуа ҳамда унинг жаҳон илм-фани ва ислом оламидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Президент Александр Вучич марказнинг музейи, кўргазма заллари, архив, ахборот технологиялари маркази, қўлёзмалар бўлими, хаттотлик ва ислом меросини сақлашга қаратилган инфратузилмалар билан танишди.

Шунингдек, марказ ҳудудида ташкил этилган Ислом академияси, ахборот-ресурс маркази, конференция зали ва бошқа иншоотлар ўзига хос меъморий услубда бунёд этилгани билан меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Замонавий шаҳарсозлик шароитида бундай меъморий ёдгорликларнинг аҳамияти, Марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Қадимий меъморий анъаналар ва миллий безаклар уйғунлигида қурилган, тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз барпо этилган бу иншоотнинг маҳобати меҳмонларни ўзига ром этди.

Президент Александр Вучич марказдаги экспозициялар билан танишиб, халқимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган бундай ишлар юксак самара беришига ишонч билдирди.

Шунингдек, Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонни вазир Шерзод Шерматов бошчилигидаги масъуллар самимий кутиб олди.

Учрашув аввалида Рақамли технологиялар вазирлиги фаолияти, мамлакатимизда рақамлаштириш жараёнининг бориши ҳамда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида видеолавҳа намойиш этилди.

Тақдимотда электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, IТ-таълимни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва рақамли инфратузилмани кенгайтириш борасида эришилган натижалар акс этган.

Президент Александр Вучич юртимизда кенг кўламли рақамли трансформация жараёни жадал кечаётганига тўхталиб, бу борадаги давлат сиёсати ва ташаббуслар изчиллигини эътироф этди. Шунингдек, Сербия ва Ўзбекистон ўртасида айни йўналишда тажриба алмашиш, қўшма технопарклар ташкил этиш ва ёш мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

Меҳмонлар “IТ Парк” фаолияти, рақамли хизматлар марказлари, электрон ҳукумат тизимининг ишлаш механизми ҳамда ёш дастурчилар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Рақамли технологиялар йўналишидаги ўзаро мулоқот эса икки давлат ўртасида ўрнатилган замонавий ҳамкорлик кўпригини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.

Тошкент шаҳридаги “Технопарк” мажмуасида Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга қаратилган бизнес-форум бўлиб ўтди. Анжуман доирасида икки давлат саноат кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Сербия Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи кун тартибидан ўрин олган форумда ҳар икки давлатдан ҳукумат вакиллари, тегишли идоралар масъулллари ва 100 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди.

 Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар самараси, эришилаётган аниқ натижалар хусусида маълумот берди.

 Ўз навбатида олий мартабали меҳмон икки томонлама ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.

 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги савдо ҳажми 2,5 фоиз ошди. Республикамиз экспортининг асосий йўналишлари пахта, тўқимачилик хом ашёси, кимё маҳсулотлари, дон экинлари ва керамика саналади. Сербиядан асосан саноат ускуналари, техника, косметика маҳсулотлари, қоғоз, металл ва мебель импорт қилинади. Юртимизда сербиялик инвесторлар иштирокида 9 та корхона фаолият юритмоқда.

 Тадбир давомида ҳамкорликни халқаро саноат кооперацияси, фармацевтика, кимё, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва молиявий шериклик соҳаларида ривожлантириш йўналишлари белгиланди.

 Саноат ютуқлари тақдим этилган кўргазмада Ўзбекистоннинг 50 дан зиёд компанияси фармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ва автомобилсозлик маҳсулотлари ҳамда инновацион ишланмаларни намойиш этди.

Форум майдонида G2B ва B2B учрашувлари ҳам ташкил қилиниб, ҳамкорлик лойиҳалари бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

 Иштирокчилар Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилаётганини қайд этишди.

 

ЎзА