Ўзбекистон-Италия: Маданий ва ижодий ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академияси ва Италиянинг “Progetto Angeli” халқаро маданият уюшмаси вакиллари ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолашга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда қайд этилганидек, мазкур меморандум Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги маданий ва ижодий ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат рассомлари, ҳунармандлари ва ижодий ташкилотлари ўртасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ҳужжатни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов ва “Progetto Angeli” халқаро маданият уюшмаси раҳбари Аида Абдуллаева имзолади.
Эндиликда меморандумга мувофиқ томонлар маданий ва ижодий алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, тасвирий ва амалий санъат соҳасида тажриба ва ахборот алмашишда ҳамкорлик қилишади.

Шунингдек, ўзаро манфаатли маданий лойиҳалар ва ташаббусларда биргаликда иштирок этиб, қўшма бадиий кўргазмалар ташкил этиш, маърифий тадбирлар – маҳорат дарслари, маърузалар ва семинарлар ўтказишади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, меморандумнинг имзоланиши мамлакатимизнинг халқаро маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, икки мамлакат санъат арбоблари ва ижодкорлари ўртасида ижодий алмашинувнинг янги истиқболларини очишда муҳим қадам бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА