Сунъий интеллект соҳасида БАА тажрибаси: ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда

Сунъий интеллект соҳасидаги илғор халқаро амалиётларни ўрганиш ва жорий этиш борасида мамлакатимизда истиқболли ишлар олиб борилмоқда. Боиси сунъий интеллект технологиялари бугун иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда.
Йил бошида 2030 йилга бориб, дунё иқтисодиётида сунъий интеллект ҳажми 15 триллион долларга етиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирги таҳлиллар бу рақам 20 триллион доллардан ортишини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида 21 октябрь куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши айни соҳага оид устувор мақсадлар белгилаб берилди.

– Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади, – дея таъкидлади Президентимиз мазкур йиғилишда.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳам тегишли идоралар билан биргаликда давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларга мувофиқ сунъий интеллект соҳасидаги илғор халқаро амалиётларни ўрганиш ва жорий этиш бўйича ишларни олиб бормоқда.
Жумладан, агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Дубайда Бирлашган Араб Амирликларининг Сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва масофадан туриб ишлаш бўйича давлат вазири Умар Султон Ал Олама билан учрашди.
Учрашувда давлат бошқарувида сунъий интеллектни жорий этиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, БААнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни танлаш ва баҳолаш тажрибасини ўрганиш ҳамда кадрларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ягона интегратор Uzinfokom вакиллари сунъий интеллект ахборот тизимлари ва иловаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш бўйича ўз тажрибаларини тақдим этдилар, дейилади Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълумотида. Бу эса ўз навбатида БАА вакилларининг қизиқишини уйғотди.
Натижада томонлар сунъий интеллект соҳасида кенг ҳамкорлик, ўзаро тажриба ва ўқув тадбирларини ташкил этиш борасида келишиб олдилар.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА