“Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” дарслиги яратилди

77

Мамлакатимиз энг янги тарихининг муҳим воқеалари ва саналарига доир қатор илмий, ўқув-услубий ва фундаментал асарлар яратиш, айниқса, миллий давлатчилигимизнинг вужудга келиши ва тараққиётига оид илмий ва илмий-оммабоп, ўқув-методик ва маърифий адабиётлар тайёрлаш, чоп этиш, шу орқали ёшларнинг мамлакатимиз тарихи ҳақидаги билимларини янада бойитиш энг муҳим вазифалардан, десак хато бўлмайди.

Тарихчи олим Бўри Қодиров муаллифлигида нашр этилган “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” номли олий таълим муассасаларининг номутахассис таълим йўналишлари учун дарслиги, шунингдек, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихидан изоҳли луғат”  ҳамда “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фанидан мустақил таълимни ташкил этиш” ўқув-услубий қўлланмалари бу борада ўзининг бир қатор хусусиятлари билан катта аҳамиятга эга.

Муаллиф томонидан “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” дарслиги ўқув дастурларда кўрсатилган мавзулар асосида яратилган бўлиб, унда Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш жараёнлари, истиқлол йилларида юртимизда демократик-ҳуқуқий давлатнинг барпо қилиниши, мамлакатда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ишлар, шунингдек, мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсати масалалари янги материаллар асосида бойитилган. Дарсликда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва янгиланган Конституциясининг ўзига хос томонлари ва мазмун-моҳиятига  ҳам катта аҳамият қаратилган.

Дарсликда ҳар бир мавзу охирида таянч сўзлар, мавзу юзасидан савол ва топшириқлар, фойдаланилган адабиётлар рўйхати келтирилган. Китобда шунингдек, бошқа дарсликларда учрамайдиган Ўзбекистоннинг мустақиллик арафаси ва мустақиллик йиллардаги, Янги Ўзбекистон даврида рўй берган  муҳим тарихий саналар кетма-кетлик асосида келтириб ўтилган.

“Ўзбекистоннинг энг янги  тарихи” китобининг  ўзга хос жиҳатларидан яна бири мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт даврида юз бераётган инқилобий ўзгаришларнинг кўлами ва шиддати, уларнинг халқимиз, ҳар бир шахс ҳаётидаги ўрни ва таъсири турли мисолларда ёритиб берилгани билан боғлиқдир. Айниқса, келажагимиз бўлган ёш авлодни ўз ватанига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ва уларда юксак маънавий фазилатларни шакллантиришда, миллий онг ва соғлом фикр уйғотишда, Ватан, халқ ва истиқлол тақдири учун ғоявий курашувчанлик руҳида тарбиялашда, шунингдек, юксак маънавиятли комил инсон бўлиб шаклланишида ушбу нашрларнинг аҳамияти катта. Шу билан бир қаторда, бу фан халқимиз тарихини ҳаққоний тасвирловчи, акс эттирувчи кўзгу, ижтимоий, сиёсий, тарбиявий, маънавий сабоқлар мажмуасидир, десак хато бўлмайди.

Б.Қодиров томонидан тайёрланган китоблардан яна бири −  “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи”дан изоҳли луғат” нашридир. Ушбу изоҳли луғат кенг қамровли бўлиб, асосан шу пайтга қадар Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича яратилган дарслик, ўқув қўлланмалар, илмий-тадқиқот ишлари ва тарихий асарларда учрайдиган атамаларнинг изоҳига бағишланган. Мазкур луғат фан дастурларида қамраб олинган мавзуларга ҳам таянганини алоҳида қайд этмоқ лозим. Луғатдан ўрин олган ҳар бир атама ўтмишда ва тарихий манбаларда қандай ёзилганига қараб алифбо тартибда, сўзларнинг этимологияси эса қавс ичида бериб ўтилган. Бу эса, ўқувчида Ўзбекистоннинг энг янги тарихида дуч келадиган атамаларни мукаммал билиш имконини беради.

Б.Қодиров томонидан тайёрланган “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” фанидан мустақил таълимни ташкил этиш” ўқув-услубий қўлланмаси “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи”  фанидан талабалар мустақил таълимини ташкил қилиш” намунавий ва ишчи ўқув режаларига мос ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у олий таълим жараёнида мустақил таълим учун ажратилган мавзуларни талабалар томонидан янада пухта ўзлаштиришлари учун ёрдамчи манба вазифасини бажариши билан катта аҳамият касб этади.

Қўлланмада талабалар мустақил ишларини ташкил қилиш жараёнида  маълум мавзу бўйича маъруза матни, реферат, курс иши, слайд, кўргазмали воситалардан фойдаланиш ва график ишларини бажариш, макет, модел ва бадиий асарлар устида ишлаш, амалиётдаги мавжуд муаммонинг ечимини топиш, тест, мунозарали саволлар ва топшириқлар тайёрлаш, илмий мақола, тезислар ва амалий мазмундаги ностандарт масалаларни ечиш ҳамда ижодий ишлаш масалаларини бажаришга эътибор қаратилган.

Шунингдек, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” фанидан мустақил таълимни ташкил этиш” бўйича тайёрланган ўқув-услубий  қўлланмада мустақил  таълимни тўғри  ташкил  қилиш ва  талабалар  билан биргаликдаги  фаолият  жараёнида муваффақиятли  натижаларга  эга бўлиш  раҳбар  (ўқитувчи)дан нафақат  ўзи  ўтаётган фан  юзасидан  чуқур билимга  эга  бўлиши, балки  айни  вақтда талабалар  билан  ишни тўғри  ташкил  қилиш, ҳар  бир  талабанинг иқтидори  ва  қобилиятини имкон  қадар  ҳисобга олган  ҳолда  ёндашишига алоҳида эътибор қаратилган. Қўлланмада шунингдек,  раҳбар  (ўқитувчи) фан  (курс)  юзасидан маъруза  ва  семинар машғулотлари  жараёнида турли  педагогик  технологиялар ва  интерактив  услубларни қўллаган  ҳолда  ҳар бир  талабанинг  ўзига хос  хислатларини  аниқлаб, мустақил  таълим  бўйича маслаҳат  дарсларида  талабаларга тўғри  йўналиш  бера олиши ва мустақил  таълимни  ташкил қилишдан  кўзланган  мақсадга эриша олиши масалалари очиб берилган.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” дарслиги ёнида “Ўзбекистоннинг энг янги тарихидан изоҳли луғат” ҳамда “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” фанидан мустақил таълимни ташкил этиш” ўқув-услубий қўлланмасининг яратилгани Ватанимизнинг энг янги тарихи ўқувчи ва талабалар томонидан чуқур ва пухта ўзлаштирилишида муҳим манба вазифасини бажаради.

Б.Қодировнинг Ўзбекистоннинг энг янги тарихига оид янги ўқув қўлланмалари кўп йиллик илмий изланишлари самараси улароқ юзага келган бўлиб, уларнинг ҳар бири олий таълим муассасалари талабалари, тадқиқотчи олим ва кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Шуҳрат Ҳайитов

филология фанлари доктори, ЎзА