Қорақалпоғистонда туризмни янада ривожлантириш бўйича лойиҳа амалга оширилади

87

Нукусда маҳаллий ресторан ва кафе раҳбарлари, сайёҳлик агентликлари вакиллари иштирокида «QR Gastronomic Quality: Қорақалпоғистоннинг жозибадорлигини ошириш учун туризм хизматларининг гастрономик сифатини баҳолаш ва яхшилаш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида амалга оширилаётган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасида туризмни янада ривожлантиришга қаратилган.

– Ушбу лойиҳа туризм йўналишида хизматлар сифатини баҳолаш ва мониторинг қилишнинг рақамли ва анъанавий механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, туризм бозори иштирокчилари ўртасида рақобатни кучайтириш, ҳудудни жозибадор туристик масканга айлантириш орқали янги иш ўринларини яратишни назарда тутади, – дейди «DMO Qoraqalpog‘iston» жамоат бирлашмаси раиси М.Қосназаров. – Бугунги тадбирда лойиҳани амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, сайёҳлик хизмати сифатини ошириш бўйича фикр алмашилди.

Қорақалпоғистонда туризм хизматлари сифатини баҳолаш ва мониторинг қилишнинг ягона тизимини яратиш, сервис сифати ва мижозлар қониқишини ошириш мақсадида сайёҳларнинг фикр-мулоҳазаларини бевосита олиш учун мобил илова ва онлайн платформа ишлаб чиқиш, туризм объектларида QR -кодлар ёрдамида хизматлар сифатини тезкор баҳолашни йўлга қўйиш, хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ва соҳанинг энг яхши иштирокчиларини рағбатлантиришга қаратилган «QR Gastronomic Quality» танловини ташкил этиш, халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда туризм субъектлари учун комплекс тренинг ва стажировкалар ўтказиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунлари бўйича иштирокчилар билан биргаликда Қорақалпоғистоннинг гастрономик салоҳиятини ўрганиш ва кучайтириш бўйича олдиндаги вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги