ШҲТ доирасида халқ дипломатияси ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги кенгаймоқда

99

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар ҳамда халқаро ва минтақавий тузилмалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва халқ дипломатиясини ривожлантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази делегацияси Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида “Адолатли Қозоғистон: фуқаролик жамияти ва давлат ҳамкорлиги” шиори остида ўтказилган XII Фуқаролик форумида фаол иштирок этди.

Тошкентда 2023 йил 14 апрель куни “Халқ дипломатияси – Марказий Осиёда тинчлик, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили” мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтган эди. Унинг доирасида Қозоғистон Фуқаролик Альянси ва Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Марказ Альянс билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Форум доирасида ташкил этилган  “ШҲТ ва халқ дипломатияси: глобал ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида халқаро конференцияда Марказ директори Қобилжон  Собиров ҳам маруза билан иштирок этди. У ўз нутқида бугун фуқаролик жамияти институтларининг халқаро ҳамкорлиги нафақат минтақавий барқарорлик, балки кенг миқёсли халқлар ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашнинг муҳим омили экинлиги таъкидлади. ШҲТ доирасида халқ дипломатиясини ривожлантириш, бу –давлатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ёшлар, маданият ва таълим соҳаларида янги ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш эканлигини қайд этди. Шу билан бирга, ўзаро фаолиятни янада самарали қилиш ва кенгайтириш мақсадида ШҲТ давлатлари ННТлари ўртасидаги ҳамкорлик платформасини яратиш, таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш, ШҲТ университетлари ўртасида қўшма магистратура ва докторантура дастурлари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида махсус таълим дастурлари ташкил этиш каби бир қанча таклифларни илгари сурди.

Маросимда Қозоғистон Республикаси маданият ва ахборот вазири ўринбосари Евгений Кочетов сўзга чиқиб, фуқаролик жамиятининг бугунги ўзгарувчан дунёда инсонларни бирлаштирадиган куч эканлигига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Озарбайжон Республикаси Нодавлат ташкилотларни  қўллаб-қувватлаш агентлиги ижрочи директори Айтгин Алиева ҳам нутқ сўзлаб, туркий давлатлар ўртасидаги маданий ва фуқаролик ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда етакчи ташаббуслар амалга оширилаётганини, бу жараён Туркий давлатлар ташкилоти саммитларида ҳам қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Хорижий мамлакатлардан 20га  яқин делегатлар иштирок этган мазкур форум, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ҳамда икки мамлакат фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, тажрибалар алмашиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.

А.РУСТАМОВ, ЎзА