Жаҳон интернет тармоғида ўзбек тилига доир маълумотлар кўпаймоқда

124

Маълумки, “WikiMarafon” Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ўзбекча википедияни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа бўлиб, унда ўзбекча википедияни бойитиш орқали жаҳон интернет тармоғида ўзбек тилига доир маълумотларни кўпайтириш мақсад қилинган.

Шу кунларда Ёшлар ишлари агентлиги, ”Asaxiy Books” ва “WikiMarafon” ҳамкорликда китобхон ёшлар учун янги лойиҳани йўлга қўйди.

Эндиликда ёшлар мазкур лойиҳа орқали “WikiKitob” танловида қатнашиб китоблар тўпламидан бирини ютиб олиш имконига эга бўлади.  Бу, ўзбекча википедия сифатини ошириш, китобхонликка қизиқиши юқори бўлган ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳа ҳисобланади.

Ушбу танловнинг асосий мақсади талаба ва ўқувчилар ўртасида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва китоб мутолаасини кенг тарғиб қилиш, ёшларни ўз мустақил фикрига эга, дунёқараши кенг қилиб тарбиялаш ва уларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

– Мазкур танлов талаба ва ўқувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада оширишга хизмат қилади, – деди Ёшлар ишлари агентлиги “WikiMarafon” лойиҳаси раҳбари Шоҳжахон Собиров. – Шунингдек, танловдан ёшларнинг сўз бойлигини кенгайтириш, ижтимоий фаоллиги ва миллат тақдирига дахлдорлигини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби вазифалар кўзланган.

Шу билан бирга, адабий муҳит шаклланишига эришиш, ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билим-кўникмаларини янада юксалтиришга  аҳамият қаратилади.

Бу орқали ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини кенг тарғиб этиш, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, Ўзбекча википедия орқали адабий билимларни мустаҳкамлаш ва рақамли маънавиятни ривожлантириш энг асосий мақсад ҳисобланади.

Шу ўринда танловни ўтказиш тартиби ҳам юқоридаги  мезонлар асосида режалаштирилган.

Танлов ташкилий жамоа томонидан бир босқичда, онлайн форматда ташкил этилади. Танлов 10 октябрдан 15 октябргача давом этиб, натижалар 17 октябргача эълон қилинади. Мазкур танлов якка тартибдаги мусобақа бўлиб, унда қатнашиш учун талабгорлар @WikiTanlov_bot орқали рўйхатдан ўтади.

Иштирокчилар телеграм бот орқали белгиланган тартибда рўйхатдан ўтганларидан сўнг, махсус ойна орқали 40 та тестни ечишлари лозим. Тестлар Ўзбекча Википедияда мавжуд китобларга оид мақолалар юзасидан тузилади. Тест учун умумий 60 дақиқа вақт берилади.

Телеграм бот орқали белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган иштирокчилар бот тақдим қиладиган махсус ҳаволани дўстларига улашиш орқали танлов тарғиботи бўйича махсус танловда қатнашиши мумкин бўлади.

Бунда иштирокчиларга ҳар бир таклиф қилган дўсти учун 1 реферал балл берилади. Танловнинг тест натижалари бўйича иштирокчиларнинг натижалари тенг келиб қолган тақдирда, тестни бажариб бўлган вақтга қаралади. Қўшимча натижалари юқори бўлган иштирокчига устунлик берилади.Танловнинг якуний натижалари 2 кун муддат ичида иштирокчиларга маълум қилинади.

Шу билан бирга, танлов давомида иштирокчининг икки ёки ундан кўп аккаунтлардан иштирок этаётгани аниқланса, танловдан четлатилади ва натижаси бекор қилинади.

Танлов сўнгида ғолиблар китоблар тўплами билан тақдирланади. Танловнинг саралаш босқичида тест ишлаган ҳамда финал босқичида иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллай олмаган барча иштирокчилар натижасидан қатъий назар электрон сертификат билан тақдирланади.

Якуний қоидалар шундан иборатки, танлов давомида ташкилотчилар иштирокчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишини (онлайн юборишини) талаб қилиш ҳамда юқори ўриндаги иштирокчиларнинг натижаларига шубҳа пайдо бўлганида улар билан видеочат ёки телефон орқали қўшимча савол-жавоб ўтказиш ваколатига эга.

Гулноза Бобоева, ЎзА