Регбичиларимизнинг кубокдаги ғалабаси

89

2025 йил 5-8 октябрь кунлари Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида 15 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Регби-7 бўйича Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди.

Мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан кучли жамоалар иштирок этиб, кубок ғолиблиги учун ўзаро кескин кураш олиб борди.

Хусусан, қизиқарли ўтган ўйинлар якунида, қизлар ўртасида қорақалпоғистонлик регбичилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, кубокнинг бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Республикамиз терма жамоасини тажрибали мураббийлардан Жеткербай Базаров, Қутлимурат Приматов ва Тугелбай Садвақасовлар тайёрлади.

– Турнир икки босқичда ўтказилди, – дейди жамоа бош мураббийи Жеткербай Базаров. – Дастлабки гуруҳ босқичида, ундан кейинги босқичда ҳам қизларимиз яхши ўйин кўрсатиб, ярим финалга чиқдик. Бироқ, ярим финалда бизга бироз омад ва тажриба етишмади. Келгусида бу камчиликларни тузатиб, чемпионлик учун кураш олиб борамиз, деб халқимизни ишонтириб қоламан.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, ушбу мусобақада Хоразм вилояти қизлари биринчи, наманганликлар иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Мусобақа якунида ғолиб жамоа ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тайёрланган медаллар, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси