Ҳамжиҳатлик ва ҳомийлик намунаси: журналистлар Хўжайли туманида

Бундан бир неча йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга кўмаклашиш учун Бухоро вилояти ҳомий сифатида бириктирилган эди. Ўтган йиллар давомида бухороликлар ёрдами билан Хўжайли тумани аҳолисига муносиб шароит яратиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб эзгу ишлар амалга оширилди.
Ана шундай ўзгариш ва янгиланишлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати томонидан Хўжайли туманида пресс-тур ўтказилди.
Тадбирда республикамиздаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, марказий телеканаллар ва интернет нашрларининг ҳудудий мухбирлари иштирок этди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб туман тиббиёт бирлашмасида бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан туман тиббиёт бирлашмасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, бухоролик шифокорлар кўмагида бир қатор мураккаб юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
– 2022-2023 йилларда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан тиббиёт бирлашмасига УЗИ, ИВЛ, Кювез ва бошқа замонавий ускуналар олиб берилди, – дейди Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Фахриддин Рўзимов. – Шунингдек, жорий йилнинг ўзида бухоролик шифокорлар томонидан кам таъминланган ва оғир аҳволдаги 35 нафар беморга бепул мураккаб операциялар бажарилди.
– Бўлимимиз Кювез аппаратига жуда муҳтож эди, – дейди туғруқ бўлими мудири Ойгул Ходжаниязова. – Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан 2023 йилда беғараз равишда замонавий тиббиёт аппаратлар олиб берилди. Бунинг натижасида гўдакларга хизмат кўрсатиш сифати ошиб, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир ҳолатларнинг олди олинмоқда.
Тадбир давомида Бирлашма мутасаддилари журналистларга ана шулар ҳақида сўзлаб берди.
Хўжайли туманидаги марказий стадион 2005 йилда қурилган. Бироқ, ўтган йиллар давомида стадионга таъмирлаш ишлари олиб борилмаганлиги сабабли, у капитал таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолган эди. Буни инобатга олган Бухоро вилояти ҳокимлиги бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бошлаб юборди.
– Хўжайли туманининг марказий стадионида капитал реконструкция ишларини олиб бориш учун тендер танлови ўтказилиб, унда «Moдерн Мега строй» масъулияти чекланган жамияти ғолиб бўлди, – дейди Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи инжиниринг хизмати» давлат унитар корхонаси бош мутахассиси Шоҳрух Полвонов. – Хусусан, қўли гул қурувчилар томонидан 1000 томошабинга мўлжалланган стадион, 2500 томошабинга мўлжаллаб ишланмоқда. Шунингдек, футбол майдони сунъий яшил қопламага ўзгартирилиб, югуриш йўллари қурилди. Айни пайтда бу ерда сўнгги босқичдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу мақсадларга 4 млрд 706 млн сўм маблағ ажратилди.
Журналистларга спорт мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида, Хўжайли туманида 899 та уй-жойларни таъмирлаш, янгидан қуриш режалаштирилган. Ҳозирга келиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги кўмагида, туманда 27 та уй-жой янгидан қурилиб, 620 та хонадоннинг томи шиферланган.
Пресс-тур иштирокчилари Саричунгил овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Қирқ уйли» қишлоғида яшовчи Ғафур Есжанов хонадони мисолида бу борада амалга оширилган ишларнинг гувоҳи бўлди.
– Ҳудудимизда етти мингга яқин аҳоли тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда, – дейди Саричунгил овул фуқаролар йиғини раиси Зафар Худайберганов. – Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳудудимизга ҳомий этиб бириктирилган эди. Ўтган йиллар давомида бухороликлар кўмагида 3 та кам таъминланган оилага янгидан уйлар қурилиб, 92 та уйнинг томи шиферлаб берилди. Бунинг учун Бухоро вилояти ҳокимлигига катта раҳмат айтамиз.
– Икки қиз, бир ўғлим бор, – дейди Ғафур Есжанов. – Турмуш ўртоғим оғир касалликка чалинган. Ўзим қўл учи талаб қиламан. Шунча вақт давомида уй-жой қуришга имконим бўлмади. Ўтган йили менинг шундай оғир шароитда яшаётганимни инобатга олиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан менга барча қулайликларга эга янги уй қуриб берилди. Бунинг учун Президентимиз ва Бухоро вилояти ҳокимлигидан жуда миннатдорман.
Тадбир давомида журналистлар ҳудудда амалга оширилаётган бошқа кўплаб ишларни кўздан кечириб, улар бўйича тегишли мутахассислар ва фуқаролардан керакли маълумотларни олди.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси