Вафот этган шахснинг суратидан фойдаланишда ворисларидан розилик олиш белгиланмоқда

101

Бугунги кунда Интернет тармоғи ва ахборот коммуникация технологиялари равнақ топиб боргани сари шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам устуворлик касб этмоқда. Баъзи ҳолларда одамларнинг суратларидан ғаразли мақсадларда ёки уларнинг розилигини олиб ўтирмасдан фойдаланиш ёхуд уларни ўзича суратга олиш ҳолатларига дуч келамиз.

Эндиликда эса ҳар бир инсоннинг тасвири шахсий маълумот сифатида ҳимоя қилинади. Шахсни суратга олиш ва ундан фойдаланиш учун унинг розилигини олиш мажбурий талаб сифатида белгилаб қўйилмоқда.

Бу каби нормалар шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасида ўз ифодасини топмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур лойиҳа иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, шахсни суратга олиш ва ундан фойдаланиш жараёнида шахс муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, розилик унинг қонуний вакили томонидан берилади. Шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан розилик берилади.

Бундан ташқари, бу борада болалар ҳуқуқлари ҳам алоҳида назарда тутилмоқда. Яъни, 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар номидан розилик уларнинг ота-онасидан бири ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бири томонидан берилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида видеокузатувни амалга оширишда шахсий дахлсизликни таъминлашга оид талаблар, тасвирдан рухсатсиз фойдаланилганда келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА