Покистон билан парламентлараро алоқалар мустаҳкамланади

97

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Покистон Ислом Республикасида бўлди. Ташриф давомида Покистон парламенти Миллий Ассамблеяси Спикери Сардор Аёз Содиқ, Сенат Раиси Юсуф Ризо Ғилоний, шунингдек, Панжоб вилояти парламенти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.

Мулоқотларда Қонунчилик палатаси Спикери Покистон томонига мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Покистон парламенти Миллий Ассамблеяси Спикери Сардор Аёз Содиқ Ўзбекистон ишончли ҳамкор эканлигини таъкидлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп томонлама алоқалар фаоллашиб бораётганини, бунда Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг ўзаро ташрифлари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Миллий Ассамблея Спикери Ўзбекистон етакчисининг ташаббуси билан Тошкент — Исломобод — Тошкент ҳамда Тошкент — Лаҳор — Тошкент авиақатновлари йўлга қўйилгани икки халқ, айниқса, икки давлат ишбилармон доиралари учун катта қулайлик яратаётганини қайд этди.

Покистон парламенти Сенати Раиси Юсуф Ризо Ғилоний билан бўлган учрашувда ҳам сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг ташаббуслари билан олиб борилаётган очиқ, конструктив ва ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.

Юсуф Ризо Ғилоний Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг шу йил февраль ойида Ўзбекистонга тарихий ташрифи ўзаро муносабатларда янги саҳифа очганлигини, унинг доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга асос бўладиган бир нечта келишувларга эришилганини мамнуният билан таъкидлади. Икки мамлакат ўртасида имзоланган 80 та шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатнинг, “Йўл харитаси” ва келишувларнинг вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида бажарилиши бўйича қўшма парламент назоратини йўлга қўйиш таклифини олқишлади.

Делегация аъзоларининг Панжоб вилояти парламенти Спикери вазифасини бажарувчи Иқбол Чаннар билан ҳам мулоқоти бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар парламентлараро алоқаларни ҳудудлараро даражада фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Ташриф доирасида Покистон Ислом Республикаси парламенти Миллий Ассамблеяси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўртасида тузилган дўстлик гуруҳларининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Унда юқори даражадаги келишувлар ижросини таъминлашда парламентларнинг ўрни, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ва келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди. Пaрлaмeнтлaрaрo дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш, ўзаро ташрифлар алмашинувини давом эттириш зaрурлиги таъкидланди.

М.Комилова, ЎзА