Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қайта ижарага бериш тизими такомиллаштирилади
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда маҳсулот етиштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси шўъба бошлиғи Анвар Умиров бу борада қуйидагиларни маълум қилди.
–Ушбу фармоннинг қабул қилиниши бу ислоҳотларнинг бевосита мантиқий давоми сифатида тўлдирувчи механизми бўлди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби ўтган даврлардаги ислоҳотларда биринчи навбатда ер участкаларини ижарага бериш тизими ва механизмлари такомиллаштирилди. Булар аввал очиқ электрон танловлар, ундан кейин аукцион тартибига ўтказилди ва тўлиқ бозор механизмига айланиб борди.
Фармоннинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона, самарали ва узлуксиз фойдаланишни йўлга қўйиш, бўш турган ерларни тезкор ҳисобга олиш ва уларни онлайн аукционлар орқали реализация қилиш, шунингдек, қайта ижарага бериш тартибини соддалаштиришдан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳудудида мавжуд бўш ерлар 10 кун муддатда давлат ер кадастрида қайд этилади ва яна 10 кун ичида электрон аукцион савдоларига чиқарилади. Аукционлардан тушган маблағлар эса ҳудудий инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва янги ерларни ўзлаштиришга йўналтирилади.
Фармон билан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини қисмларга бўлиб қайта ижарага бериш ҳуқуқи жорий этилди. Эндиликда ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ерларнинг бир қисмини бошқа шахсга ижарага бериш мумкин бўлади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерларига фақат ижара ҳуқуқи тан олиниши қатъий белгиланди.
Мазкур ерлар эгалари ва фойдаланувчиларига ер участкаларига бўлган эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқларини халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарори асосида ижара ҳуқуқига ўзгартириш имконияти берилади.
Ижара муддати Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг ташкил этган корхоналари учун 30 йил, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар учун эса 25 йил этиб белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА