Ўзбек киноларида эркак образи қандай талқин қилинмоқда?

Кино ҳаётимизнинг маълум қирраларини ойна мисол кўрсатиб берувчи, кишиларнинг фикрини ўзгартира олувчи кучга эга муҳим санъат турларидан бири ҳисобланади. Бунда айниқса, қаҳрамонлар ҳарактерлари ва улар ифодалаб бераётган образлар алоҳида аҳамият касб этади. Айни шу мақсадда, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтининг сўрови ўзбек кино ва сериалларида эркак образи қандай акс этаётгани борасидаги маълумотларни тақдим этди.
Унга кўра энг оммабоп образ – оилани таъминлайдиган, садоқатли ота (43,2 фоиз). Бу жамиятда оилавий қадриятларнинг нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Бошқаларни ҳимоя қилувчи, заифлар ва муҳтожларга ёрдам берувчи (ҳарбийлар, ички ишлар ходими) образ ҳам (26,2 фоиз) ўз мухлисларига эга.
Замонавий фикрлайдиган, янги технологияларни ўзлаштирган, муваффақиятли тадбиркор образи (20,5 фоиз) ҳам ўз ўрнига эга. Бу замонавий жамиятда муваффақиятли эркак қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тасаввурларни акс эттиради.
Салбий образлар ҳам эътибордан четда қолмаган. Аёлига ёки бошқа заиф инсонларга нисбатан ўз ғазабини бошқара олмайдиган эркак (19,3 фоиз) образи салбий бўлишига қарамай, одамларни жалб қилади. Эҳтимол, бу мазкур ҳаракатларнинг оқибатларига эътибор қаратиш учун хизмат қилади.
Эр-хотин муносабатларида ўзаро ҳурмат, ишонч ва маслаҳатлашишга амал қиладиган эр (17,7 фоиз) образи анъанавий қадриятлар ва замонавий муносабатларни уйғунлаштириб, гендер тенгликни тарғиб қилиш учун яхши намуна бўла олади.
Ўз касбининг фидойиси бўлган, лекин оиласига кам вақт ажратадиган, фарзанд тарбияси билан шуғулланмайдиган эркаклар (14,6 фоиз) ҳам томошабинлар диққатини тортади, чунки бу муаммони ёритиб беради.
Жиноятлар қилган, кейин тўғри йўлга қайтган эркаклар (12,2 фоиз) образи қайта тикланиш ва ўзгариш имкониятини акс эттиради.
Аёлининг гапига кирадиган, оилада обрўга эга бўлмаган эр (7,7 фоиз) эса камроқ оммабоп. Бу жамиятда эркакларнинг оиладаги роли ҳақидаги стереотипларни бузади.
Бунда оила эҳтиёжларини таъминлайдиган ва садоқатли эркак тимсоли энг катта кўрсаткични ташкил этади. Бу жамиятда яхши хислатга эга образларни кўпроқ талқин қилиш ва кишилар учун ижобий таъсир сифатида бош ғоя бўлиб хизмат қилмоқда. Қолган кўрсаткичлардаги образлар ҳам жамиятимиздаги маълум характерли инсонларни гавдалантиради ва улар кинонинг ранг-баранглигини таъминлайди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА