Амударё туманида сайёр суд ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Амударё тумани судининг раиси Ж.Балтабоев раҳбарлигида, судья ёрдамчиси Э.Жуманиязов, Амударё тумани прокурорининг катта ёрдамчиси ва туман ИИБ пробация гуруҳининг катта инспектори иштирокида ушбу тумандаги Бой овул маҳалласининг маъмурий биносида очиқ сайёр суд мажлиси ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан (жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) илгари жиноят содир этган, лекин тузалиш йўлига қатъий ўтган, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 10 нафар судланувчи жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Шунингдек, маҳкумларга жазо муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши, уларнинг зиммасидан тўлиқ жавобгарликни олиб ташламаслигини, агар, жазонинг ўталмаган қисми давомида қасддан яна жиноят содир этилса, Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм бўйича жазо тайинлаш) қоидаларига мувофиқ жазо тайинланиши таъкидланди.


Бундай сайёр суд мажлислари маҳкумлар ва жамият аъзолари онгида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, қайта тарбиялаш жараёнида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда жиноят йўлидан қайтганларга жамиятга қайтиш имкониятини яратишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги