Тадбиркорларнинг ташқи бозорларга кириб бориши учун имкониятлар яратилмоқда

Мамлакатимизда тадбиркорлик қўллаб-қувватланиб, уларга кенг кўламли имтиёз ва имкониятлар яратиб берилмоқда.
Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида экспортчи корхоналар учун ташкил этилган халқаро семинарда бу борада батафсил маълумот берилди.

Тадбирда экспортчи корхона вакиллари, ёш тадбиркорлар, савдо соҳаси мутахассислари ҳамда ёш фермерлар кенгаши ва экспорт штаби аъзолари иштирок этди.
Ҳиндистонлик халқаро мутахассис Шура Чакраборти иштирокида бўлиб ўтган ўқув-семинарининг асосий мақсади маҳаллий тадбиркорларимизни халқаро савдо майдонида муваффақиятли фаолият юритишга тайёрлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилди.

Ўқув-семинари давомида ёш тадбиркорлар экспорт фаолиятининг асослари, уни ишлаб чиқиш режаси ва ҳимоя қилиш тамойиллари, халқаро бозорларни таҳлил қилиш, потенциал мижозлар билан ишлаш тартиблари, савдо, логистика, божхона жараёнларини самарали бошқариш усулларини яқиндан ўрганди.
Бу каби ўқув-семинарлари юртимизнинг яна 14 та ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўйлаймизки, тадбиркорларимиз учун ушбу ўқув-семинари янги бозорларни очиш, экспорт фаолиятида учрайдиган муаммоларни ҳал қилиш ҳамда самарали бизнес стратегияларни ишлаб чиқишда катта имконият яратади.
Ш. Маматуропова, ЎзА