Непалдаги тартибсизлик қанчага тушди?

80

Куни кеча Непалда қатор йирик ижтимоий тармоқлар тақиқлангандан кейин ҳукуматга қарши бошланган тартибсизлик мамлакат инфратузилмасига мислсиз зиён етказди. Маҳаллий портал Шаҳарсозлик вазирлигидаги манбага таяниб ёзишича, умумий зарар 1,4 миллиард доллардан ошган.

– Кўпчилик биноларни тиклаб бўлмайди, зилзиладан кейинги ҳолат каби шунчаки таъмирлаш ва қайта ишлатиш мумкин эмас, – дейди манба. – Қайта барпо этиш учун 200 миллиард рупий (тахминан 1,4 миллиард доллар – таҳририят)дан кўпроқ маблағ керак.

Ўтган ҳафта охирида Непал расмийлари Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлигида белгиланган муддатда рўйхатдан ўта олмаган қатор йирик ижтимоий тармоқлар фаолиятини тақиқлади. Шундан кейин мамлакатда ёшларнинг оммавий норозилик намойиши бошланиб кетди. Воқеага оммавий ахборот воситалари “З авлод инқилоби”, дея ном беришди.

Соғлиқни сақлаш ва аҳоли вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатдаги тартибсизлик натижасида 34 киши касалхонада вафот этган, мингдан ортиқ жабрланган инсонга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳукумат ижтимоий тармоққа қўйилган тақиқни бекор қилишига қарамай, намойиш тинмади. Оломон Бош вазир Шарма Олининг истеъфосини талаб қилди. Сешанба куни қўзғолончилар етакчининг шахсий қароргоҳига ўт қўйди, ҳукумат мажмуасига бостириб кирди. Ҳукмрон Непал Конгресси партияси марказий идораси ва парламент биносига ўт қўйди. Оқибат Бош вазир истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Ҳукумат аъзолари ўз турар жойидан вертолётда эвакуация қилингани айтилмоқда.

Сешанба куни кечқурун ниҳоят Қуролли кучлар Катманду ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари кўчаларини назоратга олди.

С.Раҳимов, ЎзА