Хўжайличи Азиз трансформатор ишлаб чиқармоқда

97

Биз электр энергиясини хавфсиз ҳолатда меъёри билан етказиб берадиган трансформаторларни фақатгина йирик заводларда ишлаб чиқаради деб ўйлардик. Бу ускунани Хўжайли туманида яшовчи Азиз Тожибоев ўзи раҳбарлик қилаётган «ISAKO-ENERGO-KOMPLEKT» МЧЖ ҳам ишлаб чиқараётганини эшитганимизда ёшларимиз орасида ишлаб чиқаришда хусусий тадбиркорлик ривожланаётганининг яна бир бор гувоҳи бўлдик.

У Президентимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, 360 млн сўм кредит олиб цехни очиб ва у ерда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришади. Яъни бошида бир ишчи билан иш бошлаган бўлса ҳозирги вақтда ишчилар сони бешга етди. Истеъмолчиларнинг буюртмалари бўйича тез ва сифатли тарзда турли қувватдаги трансформатор пунктларини йиғиб, республика бўйича етказиб бериш ва тегишли мутахассислар билан ҳамкорликда қуриб бериш хизматлари тўлиқ йўлга қўйилган.

Азизнинг бу соҳага қизиқиши бежиз бўлмаган. Меҳнат йўлида электр тармоқлари корхонасида ишлаган отасининг ёнида юриб бу касбнинг барча сирларини ўрганишга эришган у, қизиқиши туфайли трансформатор ишлаб чиқаришни ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бошида кўнгилдагидек бўлиб чиқмаса ҳам у бу йўлдан қайтмай мақсадига қараб интилиб, доимо ўрганиб, ҳаракатда бўлади. Охири ўзининг ниятига етиб мураккаб ускуна бўлган трансформаторни ишлаб чиқаришга муваффақ бўлади. Бу йўлда у отасидан, мутахассислардан маслаҳат олиш билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги йўл-йўриқлардан ҳам ўрганади.

– Мураккаб ва меҳнати оғир бўлса-да, ўз меҳнатимиз самарасини кўриб қувонамиз. Халққа фойдамиз тегаётганлиги фаолиятимизнинг янада олдинга қараб ривожланишига асос бўлмоқда. Келгусида цехимизни кенгайтириб, янги иш ўринлари яратиб, трансформатор пунктларини кўплаб ҳудудларга етказишни мақсад қилиб қўйдик, – дейди у режалари ҳақида.

Азизнинг цехида ишлаб чиқарилаётган трансформаторлар нафақат республикамизда, балки вилоятларда ҳам ўз харидорларини топмоқда. Яқинда у буюртма бўйича Бухоро вилоятига трансформаторни олиб бориб, ўрнатиб қайтиб келди.

– Президентимиз томонидан тадбиркорларга имкониятлар яратилиб, қатор имтиёзлар берилмоқда. Айниқса, жорий этилган солиқ имтиёзлари биз тадбиркорларнинг ишини енгиллаштирмоқда. Ушбу имкониятлардан фойдаланиб, яқинда яна-да имтиёзли кредит олиб, цехимиз фаолият кўламини кенгайтиришни режалаштиряпман. Янги иш ўринлари яратиб, ишчиларга ётоқхона қуриб, шароитларни яратмоқчиман, – дейди у.




Ҳозирги вақтда цехда иш қизғин. Трансформаторларнинг сифатли бўлиши учун астойдил меҳнат қилаётган ишчилар ҳар қандай ишга эътибор ва масъулият билан ёндашади. Албатта, бу масъулият ва касбга садоқат иш натижадорлигини ошириб, халқимизга сифатли хизмат қилишга замин бўлади.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги