Ўзбек тўйларидаги янги урф-одатлар онгли амалми ёки кўр-кўрона тақлид?!

167

Ўзбек тўйлари минг йиллик тарих, маданият ва қадриятларнинг мужассам шакли. Ҳар бир урф-одат, маросим ва расм-русумнинг ўзига хос мазмуни бор. Бу бахт тилаш, бирликни мустаҳкамлаш, жамият олдидаги масъулиятни англаш каби маънолар билан тўла.

Бироқ, бугунги кунда глобаллашув даврида маданий оқимлар, айниқса, оммавий ахборот воситалари, фильмлар, ижтимоий тармоқлар таъсирида ўзбек тўйларида хорижий – ҳинд, турк ва ҳатто ғарбий урф-одатлар ҳам кўриниш бера бошлади.

Тўй фақат икки ёшнинг бирлашуви эмас, балки оилаларни яқинлаштирувчи муҳим ижтимоий воқелик. Лекин ҳозирда тўй, яъни икки ёшнинг бир оила бўлиши ва бундан халқни хабардор қилиш мақсадида ўтказиладиган маросим ўзининг асл маъноси четда қолиб, фильм тасвирга олиш майдончасига айланиб қолаётгандек, гўё. Ҳозирги замонавий тўйларда чет эл кино-сериаллари таъсири ва ижтимоий тармоқлар орқали жамиятга номаълум бўлган урф-одатларнинг қўшилиши кишини ўйга толдиради.

Сўнгги йилларда ўзбек тўйларида бир нечта номаълум урф-одатлар кузатилмоқда. Мисол учун, рамзий ҳолатда олов атрофида айланиш, оила катталарига таъзим қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Биз Туркия кинолари орқали билган рақслар ёки келин оқ кўйлакка қизил белбоғ боғлаши, ғарб анъаналаридан ўзлаштирилган “wedding dance” каби одатларсиз ўзбек тўйлари ўтмай қолаётгандек гўё. Бу янгиликларнинг аксарияти ижтимоий тармоқлардаги видеолар, машҳур сериаллар ёки хорижда тўй қилган танишлар таъсирида шаклланмоқда. Қолаверса, янгиликка интилиш ва эстетик “оригиналлик” ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Баъзилар эса ўз анъаналарининг мазмунини чуқур тушунмагани учун бошқа маданиятларга эргашади.

Шубхасиз, баъзи удумлар ўзлаштирилаётган бўлса-да, кўп ҳолларда уларни бажараётган инсонлар уларнинг асл маъносини билмайди. Тўғри, бу анъаналар чуқур ҳурмат ифодаси ёки рамзий маъноларни назарда тутиб ўтказилиши мумкин. Лекин унда анъаналарни кўнгилочарлик ёки ноодатийлик сифатида қабул қилиш кўпроқ учрайди.

Маданий алмашинувлар ҳаётимизда табиий жараён ҳисобланади. Бироқ, бу жараёнлар асл қадриятларни йўқотмаслик, ўзликни англаш ва энг муҳими, замонавийлик билан миллийликни уйғунлаштирган ҳолда амалга ошиши керак. Акс ҳолда, маданий имитация илдизсиз, ўзига ишончсиз жамиятни шакллантиради. Ҳар бир киши бажараётган ҳаракатининг маъносини англамаса, у маросим эмас – фақат “шоу”га айланади.

Ўзбек тўйларидаги хорижий удумларнинг кириб келиши замон талаби бўлиши мумкин. Аммо бу жараён онгли, танқидий ва маъноли бўлиши зарур. Ҳар бир удум, ҳар бир маросим – бу халқнинг руҳий хазинаси. Уни бойитиш мумкин, лекин алмаштириш эмас. Ўзимизнинг илдизимизни йўқотмасдан, дунё билан ҳамнафас бўлиш – мана бу ҳақиқий тараққиёт.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА