Пойтахтимизда ичимлик суви таъминоти бўйича масалалар муҳокама қилинди

237

Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи йиғилишида “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти Нукус шаҳар филиали томонидан шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдим этилган ҳисоботи тингланди. Йиғилишда филиал раҳбари К.Садиков иштирок этиб, 2025 йилнинг январь–июль ойлари давомида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил ахборот берди.

Нукус шаҳар аҳолисининг 99,9 фоизи ёки 344,4 минг кишиси марказлаштирилган ичимлик суви тармоқлари билан таъминланган. Сув таъминоти учта асосий иншоот — ВОС-Нукус, УРВ-1 ва УРВ Қизкеткен орқали амалга оширилмоқда. Жами сув тармоқлари узунлиги 729,9 км бўлиб, шундан 112,2 км — йирик сув тармоқлари, 617,7 км эса маҳаллий тармоқлар ҳисобланади. Филиал томонидан 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 500 погона метр капитал таъмир ва 4600 погона метр жорий таъмир ишлари режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 7 ойида шунинг 150 п/м капитал ва 1500 п/м жорий таъмир ишлари амалга оширилди.

Президент қарорига мувофиқ, “Сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш” фонди ҳисобидан 47 млрд 371 млн сўмлик маблағ эвазига “Жеке терек” маҳалласидан жой олган ВОС-Нукус сув тозалаш иншоотида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 11 та маҳаллада 11,48 км ичимлик сув тармоқларини қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 7 ойида 1051 қисқа рақами орқали диспетчерлик хизматига 565 та авариявий портлаш юзасидан мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси ўз вақтида бартараф этилган. Оқова сув хизмати бўлимига эса 2128 мурожаат келиб тушган ва улар ҳам тўлиқ ҳал этилган. Шунингдек, 8 дона насос агрегатида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Филиал томонидан 79 904 абонентга хизмат кўрсатилмоқда, бироқ дебитор қарздорлик ҳажми 9 млрд 419 млн сўмни ташкил этмоқда.

Йиғилиш давомида депутатлар ҳисобот юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларини илгари сурди. Жумладан, дебиторлик қарздорлигини қисқартириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, таъмирлаш ишларини тизимли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

                                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги