Ўзбекистонда футбол тизими рақамлаштирилади

126

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, қуйидагилар мамлакатимизда футболни янада ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:

а) моддий-техник базани халқаро талабларга мослаштириш ва футбол майдонларини кўпайтириш орқали футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сонини ошириш;

б) иқтидорли футболчиларни саралаб олиш, уларни профессионал футболчи сифатида тайёрлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш;

в) хорижий давлатларда профессионал футбол билан шуғулланаётган ўзбекистонлик футболчиларни қўллаб-қувватлаш механизмларини яратиш.

Қарор билан «Миллий футбол электрон платформаси» ахборот тизими яратилади.

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси талабларига мувофиқ стадионлардаги аудио ва видеотасвирларни бир нуқтага узатиш орқали футбол учрашувларида видео ёрдамчи ҳакам (VAR) тизими янада кенгайтирилади.

Футбол академия ва мактаблари, шу жумладан, футбол секциялари мавжуд спорт мактаблари ўқув машғулотлари онлайн назорат қилинади, футболчиларнинг тиббий ва жисмоний кўрсаткичлари мониторинг қилиб борилади ҳамда шаффоф селекция тизими жорий қилинади.

2026 йил 1 январдан бошлаб, футбол академия ва мактаблари, шу жумладан, футбол секциялари мавжуд спорт мактаблари босқичма-босқич ахборот тизимига уланади.

2026 йил 1 мартдан бошлаб футбол ўйинларига чипталарни харид қилиш шахсни идентификация қилиш ҳамда матрицали штрих-код (QR код) махсус онлайн ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Миллий футбол марказида иқтидорли футболчиларни эрта аниқлаш бўйича Рақамли футбол ситуацион маркази ташкил этилади ҳамда унинг фаолиятига тажрибали мураббийлардан иборат таҳлилчилар жалб этилади.

Футбол учрашувларини марказлашган тарзда видео ёрдамчи ҳакам (VAR) тизимидан фойдаланган ҳолда кузатиш учун «VAR» маркази ташкил этилади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Легионерлар клуби» фаолиятини йўлга қўйилади.

«Легионерлар клуби»га хорижда фаолият юритаётган (юритган) ўзбекистонлик юқори маҳоратли профессионал футболчилар ва бошқа футбол мутахассислари жалб қилинади.

ЎзА