Ғўза майдонларида доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда

220

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг тегишли буйруғига асосан республикамизда ғўза ва такрорий экинларнинг (мош, ловия ва бошқалар) асосий зараркунандалари, хусусан, ғўза қуртига қарши самарали чораларни кўриш мақсадида 2025 йилнинг 18 августидан 6 сентябрига қадар «Долзарб 20 кунлик» эълон қилинган эди.

Ушбу тадбирлар доирасида ғўза ва такрорий экин майдонларида узлуксиз мониторинг ва фитосанитар дала назорати олиб борилиб, агентликнинг «Агрокўмакчи» мобил иловаси орқали «Дала дафтари» юритилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, ҳар икки гектар майдонга биттадан феромон тутқич ўрнатилиб, унинг натижалари асосида зараркунандалар назорат қилинмоқда.


«Долзарб 20 кунлик» тадбирлари Тахиатош туманида ҳам амалга оширилиб, зараркунандаларга қарши биологик ҳимоя воситалари белгиланган меъёрларда қўлланилиши бўйича қатъий назорат ўрнатилди. Агар ғўза қурти тарқалиши иқтисодий зарар миқдори ўлчамидан (EZMÓ) ошса, зарур ҳолларда кимёвий ишлов ўтказилиши белгиланган. Таъкидлаш жоизки, кимёвий ишлов беришдан камида 3 кун олдин ҳудуддаги асаларичилар огоҳлантирилади.

– Агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда томорқа ер эгаларидан ғўза ва такрорий экинларда зараркунанда аниқланганда, бу ҳақда дарҳол Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига хабар бериш талаб этилади. Агар фитосанитар талаблар ўз вақтида бажарилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора чоралари кўрилади, – дейди агентликнинг фитосанитар назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи А.Елмуратов.

«Долзарб 20 кунлик» тадбирлари республикамиз бўйлаб барча туманларда самарали давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги