Бельгияда энди ўқувчилар мактабда смартфондан фойдалана олмайди

130

Бельгия 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб бошланғич ва ўрта мактабларда мобил телефон ва бошқа электрон қурилмалар ишлатилишини ман этади. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, тақиқ мамлакатнинг барча ҳудудларига тааллуқли. Фақат тиббий сабаб ёки фавқулодда вазият билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.

Ушбу мамлакатнинг уч тилли ҳамжамиятида жойига қараб турли хил қоидалар амал қилса-да, янги тартиб бутун Бельгия бўйлаб жорий қилинади. Бинобарин, қоида бузилганда интизомий чорани муайян мактаб ўзи белгилаши мумкин.

Валлония ва Брюсселдаги французча сўзлашувчи мактабларда 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб бошланғич мактабларда телефондан фойдаланиш тақиқи аллақачон кучга кирган. Умумтаълим мактабларида рухсат қисман чекланган. Низомга кўра, 2025-2026 ўқув йилида боғча, бошланғич ва ўрта мактабларда кўнгил очар мақсадда телефон ва бошқа электрон қурилмадан фойдаланиш мумкин эмас.

Немис тилида сўзлашувчи минтақада 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб нафақат дарс, балки танаффусда ҳам мобил телефон, ақлли соат ва бошқа турдаги уланган қурилмани ишлатиш тақиқланади. Махсус қоида ва интизомий чорани мактаб ишлаб чиқади ва белгилайди.

Голланд тилида сўзлашадиган минтақада боғча ва бошланғич мактабда аллақачон амалга киритилган тақиқ энди умумтаълим мактабларига ҳам тааллуқли бўлади. Фақат жараён босқичма-босқич амалга оширилади: 1-2-синфда бутунлай, 3-синфда эса фақат дарс вақти.

Бельгия мактабларида ўқиш француз тилида сўзлашувчи муассасалар учун 25 август, бошқа масканларда эса 1 сентябрда бошланади.

М.Пирматова, ЎзА