Этилен ва пропилен полимерларидан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

153

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни сифатли ва арзон хомашё билан таъминлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор қиламан:

1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган
ва белгиланган тартибда аниқ техник параметрлар асосида шакллантириладиган рўйхат бўйича республика ҳудудига олиб кириладиган полиэтилен гранулалари учун акциз солиғини 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар ноль ставкада қўллаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. 2028 йил 1 январга қадар айрим этилен полимерларининг бирламчи шакллари (ТИФ ТН коди 3901 10 900 0, 3901 30, 3901 40) ва пропилен полимерларининг бирламчи шаклларини (ТИФ ТН коди 3902 10 000 0) импорт қилишда божхона божининг ноль ставкаси қўллансин.

3. Божхона қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда мамлакатга сифатсиз контрафакт эгилувчанқадоқлар (полиэтилен плёнкалар, полипропилен плёнкалар, нотўқима материаллар, полиэтилен қоплар, биг-бэглар ва бошқалар) импортининг олдини олиш (экс-оффицио принципи асосида) чораларини кўрсин.

4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

а) бир ой муддатда Солиқ кодексига мазкур қарорнинг 1-бандидан келиб чиқадиган ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

б) 2025 йил 1 октябрга қадар полиэтилен гранулаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар учун акциз солиғи солинишида импорт билан тенг шароитлар яратиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тадбиркорлик субъектларига етказилиши ҳамда тушунтирилишини таъминласин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси 

           Президенти                           Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2025 йил 18 август