Тиббиёт туризми: Ўзбекистонга келувчилар сони кўпайди

133

2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга келган хорижликлар сони қарийб 5,3 миллион нафарни ташкил қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, даволаниш учун келганлар сони 48,5 минг нафардан ошиб, тиббиёт туризми секторида сезиларли ўсиш кузатилди.

Бу ўсиш Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги замонавий имкониятлар ва сифатли тиббий хизматларнинг кенгайгани натижасидир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими доимий равишда такомиллаштирилмоқда, халқаро стандартларга мос тиббиёт муассасалари сони кўпаймоқда. Буларнинг барчаси тиббиёт туризми соҳасида Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилаётир.

Даволаниш мақсадида ташриф буюрувчиларнинг ошиб бориши мамлакат иқтисодиётидаги муҳим йўналишлардан бири – тиббиёт туризми бозорининг кенгайишидан дарак беради.

Шу билан бирга, мамлакатга келувчи хорижликлар орасида қариндошларини йўқлаш мақсадида ташриф буюрувчилар энг катта улушга эга бўлиб, 3,6 миллион нафарни ташкил этади. Саёҳат ва хизмат юзасидан келувчилар сони ҳам мос равишда 783,7 минг ва 594 минг нафар атрофида.

Ўзбекистон тиббиёт туризмидаги ўсиш тенденциялари нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки кенгроқ минтақада ҳам мамлакатимизнинг ижобий имижини шакллантирмоқда. Халқаро миқёсда соғлиқни сақлаш хизматлари соҳасидаги салоҳиятимизни кўрсатмоқда.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА